Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 152-бандида “Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар томонидан фойдаланиладиган электр энергияси ҳақи ушбу тариф гуруҳига кирадиган амалдаги тарифнинг 50 фоизи миқдорида тўланади” деб кўрсатилган.
Бунда овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган электр энергияси истеъмолчилари мазкур банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган тариф бўйича ҳақ тўлайди. Ушбу уйлар ва ётоқхоналарни электр тармоқларига улаш бўйича техник шартларда аввал бошидан мазкур электр плиталарининг қуввати ҳисобга олинган, электр қурилмаларни (трансформаторлар, куч кабеллари, тақсимлаш шитлари, коммутация аппаратлари, электр узаткичлар ва бошқаларни) лойиҳалаштириш ва монтаж қилиш уларнинг техник шартларида кўрсатилган қувват ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Истеъмолчиларнинг мурожаатлари Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг ҳудудий ижро этувчи органи томонидан ўрганилиб, ноқонуний ҳисобланган қарздорликни бекор қилиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризалари киритилди. Энг қизиғи, жавобгар томон суд мажлисида иштирок этмади. Суд эса ишни сиртдан кўриб чиқди ва истеъмолчилар хонадонларига нисбатан асоссиз ҳисобланган 274 миллион 661 минг сўм қарздорликни бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилди. Шунингдек, давлат божлари ҳам жавобгардан ундириладиган бўлди.
Баҳром ЭШҚУВВАТОВ,
Қашқадарё вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси бош мутахассиси.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.