Ҳарорат ва ёғингарчиликнинг ўзгариши, сув тошқинлари, қурғоқчилик ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида аллақачон экинлар ҳосилдорлиги ва чорвачилик маҳсулдорлигига таъсир ўтказмоқда. Бу, ўз ўрнида, аҳолининг озиқ-овқат таъминоти барқарорлигига хавф туғдиради. Бу таҳдидларга қарўи биз бирга ҳаракат қилишимиз керак.
Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Ботирович Воитов томонидан билдирилган ушбу фикрлар жорий йилнинг 5-декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторида иқлим ўзгариши таҳдидларига қарши кураш мавзусидаги амалий йиғилиш кун тартибини очиб берди.
Мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилигининг олдини олиш Давлатимиз раҳбари белгилаган биринчи устувор йўналиш бўлиб, ўсиб бораётган иқлим таҳдидларидан секторни ҳимоя қилиш тадбирлари кучайтирилмаса, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, миқдори пасайиши, нархларнинг кўтарилиши кучаяди. Бу ўз навбатида, деҳқон-фермерлар, аграр тадбиркорлар даромадларга салбий таъсир қилади.
Аграр ва иқлим ўзгариши масалалари учун масъул вазирлик ва давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор (фермер ва аграр тадбиркорлар) вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари иштирок этган йиғилишнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан халқаро техник кўмак намунаси сифатида АСК дастурини келтириб ўтди. Дастур экспертлари ташаббусидаги тадқиқот глобал исишнинг секторга кўрсатадиган таъсирларининг эҳтимолий сценарийлари ва оқибатлари билан танишиш имкониятини беради.
Тадқиқот хулосаларига кўра келгуси йилларда қишлоқ хўжалиги чиқарадиган иссиқхона газлари химобига мамлакатнинг катта қисмида экинлар хосилорлиги 12-50 % қисқариш эҳтимоли кутилмоқда. Шунингдек, муайян экин ва чорва турлари иқлимга чидамсизлик натижасида йўқолиб кетиши, гуллаш даври ва ҳашаротлар био хилма-хиллигида тикланмас ўзгаришлар юз беради.
Тадбирнинг амалий қисмда ЕИ АСК дастури раҳбари Адриан Нил Ўзбекистон аграр секторидаги иқлим таҳдидлари ва имкониятларини “Муаммолар ва ечимлар дарахти” мисолида акс эттирди. Тақдимотга мувофиқ, мамлакатда иқлим ўзгариши муаммолари деб кўриладиган иссиқхона газларининг ажралиши, чанг шамоллари, тупроқ шўрланиши аслида муаммо эмас, балки муаммо яратаётган таъсирлар бўлиб, ҳақиқий муаммо аграр озиқ-овқат секторида иқлим ўзгаришига қарши интеграциялашган Миллий кураш йўлга қўйилмаганида.
Аграр озиқ-овқат секторида иқлим ўзгаришига қарши интеграциялашган Миллий кураш мавжуд эмаслиги муаммо бўлса, унинг туб сабаблари сифатида идоралараро мувофиқлаштириш, хабардорлик, тажриба ва имкониятлар алмашуви камлиги, заиф коммуникация ва “муаммоларни тезда ҳал қилиш” тамойилига мойиллик деб кўрсатди.
Мана шу туб сабабларга барҳам берилиб, ўзаро мувофиқлик ва мулоқот таъминланса муаммога ечим топиш осонлашади. Бир ечим сифатида “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш Миллий дастур”ини йўлга қўйишни келтириш мумкин.
Адриан Нил тақдимотидан сўнг давра муҳокамаси ҳамда тадқиқот методологияси бўйича батафсил тақдимотлар бўлиб ўтди.
Тадбирнинг панел муҳокамаси якунида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини мувофиқлаштирувчи Кенгаш ҳузурида “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳ” фаолияти йўлга қўйилгани эълон қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.