Ўзбекистонда пандемияга тайёргарликни мустаҳкамлашга қаратилган миллий мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказилди

Ўзбекистонда пандемияга тайёргарликни мустаҳкамлашга қаратилган миллий мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон – 2025 йил 30 январ – Тошкентда Марказий Осиёда «Ягона саломатлик» ёндашуви асосида пандемияларга тайёргарлик ва жавоб чоралари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчи йиғилиши ўтказилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан миллий ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбир пандемиялар хавфини камайтириш ва уларга жавоб чораларини кучайтириш мақсадида турли соҳалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Йиғилиш “Марказий Осиёда ягона саломатлик ёндашуви орқали пандемияга тайёргарлик ва жавоб чоралари” лойиҳаси доирасида ташкил этилган бўлиб, лойиҳа Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон давлатларида ФАО, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Жаҳон банки томонидан амалга оширилмоқда. Унинг асосий мақсади пандемия билан боғлиқ ветеринария, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалларидир.

Маълумки, Марказий Осиё давлатлари соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ва ижтимоий ривожланиш соҳаларидаги муаммолар туфайли пандемия ва эпидемияларга қарши курашишда қийинчиликларга дуч келмоқда. COVID — 19 пандемияси ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликлар нисбатан қисқа вақт ичида бирор мамлакат ёки минтақага етиб бориши ва кенг тарқалиши мумкинлигини кўрсатди. Ушбу муаммоларни бартараф қилиш ҳамда пандемияларнинг олдини олиш, унга тайёргарлик кўриш мақсадида Ягона саломатлик ёндашувини қабул қилиш устида ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Бу жараёнга Ягона саломатлик бўйича Тўрт томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар — БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП), Жаҳон ҳайвонлар саломатлигини ҳимоя қилиш ташкилоти (WOAH) ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) жалб этилган. Сессия давомида ҳамкор ташкилотлар билан бир қаторда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари миллий иш режаси, долзарб муаммолар, идоралараро ҳамкорлик механизмлари ва келгуси қадамларни муҳокама қилишди.

Ўзбекистонда пандемияга тайёргарликни мустаҳкамлашга қаратилган миллий мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказилди
Йиғилишда пандемияга қарши тайёргарлик ва жавоб чораларини мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорлик, давлат ташкилотлари ўртасидаги мувофиқлаштириш механизмлари ва соҳалар кесимидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, миллий даражадаги ҳамкорлик механизмлари, шу жумладан, лойиҳанинг ривожланиш босқичлари ва асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

“Пандемияларга тайёргарлик ва жавоб чоралари нафақат миллий устувор йўналиш, балки бутун минтақамиз ва глобал миқёсдаги долзарб масаладир, — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. — «Ягона саломатлик» ёндашуви асосида инсоният, ҳайвонот ва атроф-муҳит саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш – барқарор келажакка қўйилган муҳим қадамдир. Бугунги учрашувимиз пандемияга тайёргарликни кучайтириш учун соҳалар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, ушбу йўналишда билим ва тажриба алмашиш, стратегияларни мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим имконият яратади.»

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) маълумотларига кўра, инсонлардаги инфекцион касалликларнинг 60%дан ортиғи ҳайвонлардан юқади, шунингдек, янги пайдо бўлаётган касалликларнинг 75%и зоонотик табиатга эга. Шу боис пандемия хавфларини камайтириш учун мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий асослар, кучли бошқарув тизимлари ва жамоатчилик иштирокини ошириш талаб қилинади.

Ўзбекистонда пандемияга тайёргарликни мустаҳкамлашга қаратилган миллий мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўтказилди
Лойиҳа қуйидаги мақсадларга эришишни кўзда тутади:
  • Пандемияга жавоб бериш ва тайёргарликка оид сиёсий ва бошқарув механизмларини мустаҳкамлаш.
  • Ҳамкорликни кенгайтириш ва соҳалараро ҳамкорликни кучайтириш.
  • Жамоат иштирокини кенгайтириш ва аҳоли хабардорлигини ошириш.
  • Техник ёрдам ва мутахассислар учун ўқув дастурларини ташкил қилиш.
  • Ветеринария, экология ва соғлиқни сақлаш тизимларини модернизация қилиш ва яхшилаш.

Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ушбу йўналишларда биргаликда иш олиб бориш орқали пандемиялар хавфини камайтириш, жамоат саломатлиги, иқтисодий барқарорлик ва атроф-муҳит ҳимоясини таъминлашга қаратилган муҳим қадамларни қўймоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.