АОКАдаги брифингда хабар берилишича, яширин иқтисодиётга қарши курашишда уни келтириб чиқараётган омил ва сабабларини бартараф этиш йўналишлардан бири сифатида фаолият ташкил этилиб, хусусан, 12 254 та тадбиркорлик субъектига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг қонуний фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилиши билан боғлиқ 190 та жиноятга барҳам берилди.
Солиқ ҳуқуқбузарлиги тўғрисида тадбиркорларни хабардор қилиш ҳамда профилактика чоралари орқали жиноят ишлари қўзғатмасдан 15,3 млрд сўм солиқларнинг ихтиёрий равишда давлат бюджетига тўланиши таъминланди.
Профилактика ҳамда қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган имкониятлардан фойдаланмаган ҳамда солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлашни давом эттириш билан боғлиқ 1625 та ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, 800 млрд сўмдан ортиқ солиқлар бюджетга ундирилди.
Яширин иқтисодиётдаги ҳисобга олинмаган 20,6 мингта ҳолат расмий иқтисодиётда акс эттирилиши таъминланиб, шаклланган қўшимча манбалар бюджетга ундирилди, таъкидланади хабарда.
Шунингдек, яширин иқтисодиётни шаклланишнинг турли схемалари ва каналларини фош этиш, сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш билан боғлиқ қарийб 2000 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, истеъмолга яроқсиз 141 млрд сўмлик маҳсулотлар муомалага киритилишининг олди олинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.