Тошкент дунё ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингига киритилганидан сўнг пойтахт вилоятининг учта туманидаги иссиқхоналарда ифлослантирувчи моддалар чиқаришнинг белгиланган меъёридан ортиқлиги текширилди.
«Таҳлил натижаларига кўра, PM 2.5, 10 ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёридан ортиқча ташланаётганлиги ҳолати аниқланмади. Мавжуд иссиқхоналар фаолияти доимий равишда ўрганилиб, иссиқхоналарни иситиш учун шина, целлофан, парранда гўнги ва бошқа зарарли тутун чиқарувчи ашёлардан фойдаланилишининг олдини олиш, шунингдек, иссиқхоналар дудбуронларига давлат стандартлари талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналари (фильтр) ўрнатиш бўйича профилактик тадбирлар олиб борилди», дейилади хабарда.
Маълумот учун, давлат экологик назорати инспекцияси томонидан ўтказилган мониторинглар давомида (google харита ёрдамида) ҳавонинг ифлосланиш даражаси ортиб кетган ҳудудда 357 та 318,265 гектар (шундан Зангиотада 145 та 138,28 гектар, Қибрайда 134 та 142,84 гектар ҳамда Тошкент туманида 78 та 37,145 гектар) иссиқхоналар ўрганилди. Натижада иссиқхоналарнинг 258 таси фаолият юритаётганлиги, 99 та иссиқхоналар мавсумий бўлганлиги, яъни қозонхонаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли иш фаолиятида эмаслиги аниқланди.
Мазкур иссиқхоналарнинг 167 тасида бодринг ва помидор, 71 тасида гул, 12 тасида кўкат ва 2 тасида лимон, 6 тасида бошқа кўчатлар етиштирилаётганлиги, шундан иссиқхонани иситиш учун 195 тасида кўмирдан, 53 тасида иссиқ сувдан ва 9 тасида табиий газдан фойдаланиб келиниши маълум бўлди. Иссиқхоналарнинг 69 тасида экологик экспертиза хулосалари мавжуд бўлиб, 32 тасида филтрлар ўрнатилган.
Назорат табдири давомида дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган 27 нафар иссиқхона эгаларига маъмурий жарима қўлланилди, 33 таси бўйича фаолиятини тўхтатиш юзасидан даъво аризалари киритилди, 166 таси давлат стандарти талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатмаган тақдирда, қонунчиликка кўра жаримага тортилишлари ҳақида огоҳлантирилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.