Электромобиль учун утилизация йиғими миқдорларининг оширилиши қувватларини яратишга хизмат қилади — Ташқи савдо департаменти бошлиғи

Электромобиль учун утилизация йиғими миқдорларининг оширилиши қувватларини яратишга хизмат қилади — Ташқи савдо департаменти бошлиғи

Ташқи савдо департаменти бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов Ўзбекистонда электромобиллар учун утилизация йиғими оширилгани ҳақидаги қарордан сўнг ижтимоий тармоқда пайдо бўлган турли хил салбий хиркларга ўзининг муносабатини билдирди.

Ўзбекистонда электромобилларга белгиланган утилизация йиғими миқдорларининг оширилиши экологик муаммоларни ҳал этишдан ташқари, республикада аккумулятор батареяларини утилизация қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш қувватларини яратишга хизмат қилади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи савдо департаменти бошлиғи Иномжон Абдураҳмонов ўзининг Facebook саҳифаси орқали хабар қилди.

Унинг ёзишича, қарордан кўзланган асосий мақсад – аҳолининг электромобиль ва гибрид автомобилларга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда истеъмолчиларни “яшил” технологияларга асосланган маҳаллий транспорт воситалари билан таъминлашдан иборат.

Аккумулятор батареялари таркибида симоб, никель, кадмий, қўрғошин, литий, марганец, рух каби кўплаб кимёвий моддалар, шу жумладан, инсон организмида тўпланиб қоладиган ва жиддий зарар етказадиган оғир металлар мавжуд.

«Электромобиллар импорти 2021 йилда 809 та, 2022 йилда 2 180 та, 2023 йилда 16 084 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 24 095 тага етди. Мамлакатимизда 2035 йилга бориб 10 минг тоннадан ортиқ яроқлилик муддатини ўтаб бўлган батареялар чиқиндилари ҳосил бўлиши кутилмоқда. Автотранспорт воситалари қисмлари, айниқса аккумулятор батареяларини утилизация қилиш ва чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини ишга тушириш ҳамда комплекс инфратузилмани яратиш катта маблағ ва камида 10-15 йил муддат талаб этади.

Ўзбекистонда электромобилларга белгиланган утилизация йиғими миқдорларининг оширилиши экологик муаммоларни ҳал этишдан ташқари, республикада аккумулятор батареяларини утилизация қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш қувватларини яратишга хизмат қилади деб ҳисоблайман», — ёзади у.

Иномжон Абдураҳмонов шунингдек, бу соҳада жаҳон тажрибаси ҳақида тўхталди.

«Ҳозирда кўплаб хорижий давлатларда (Белгия, Норвегия, Германия, Дания, Қозоғистон, Россия, Беларус ва ҳоказо) 12125 АҚШ долларгача автотранспорт воситаларига утилизация, экология ёки шунга ўхшаш бошқача номлар остидаги йиғимлар жорий этилган. Шу билан бирга, деярли барча давлатларда электромобиллар учун импорт божхона божи ставкалари жорий этилган бўлиб, мазкур кўрсаткич Ўзбекистонда “ноль” фоизни ташкил этади.

Мисол учун Ҳиндистонда электромобиллар импортига 125 фоизгача, Европа Иттифоқига аъзо давлатларда 55 фоизгача, Туркия ва Индонезияда 50 фоизгача, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо мамлакатларда (Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон) 15 фоиз, ҳатто Хитой давлатида ҳам 15 фоиз миқдорда. Бугунги кунда электромобилларнинг қарийб 90 фоизи Хитой мамлакатида ишлаб чиқарилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар нега керак?

Ўзбекистон автосаноатида 30 мингдан ортиқ, турдош тармоқларда 200 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланган. Кейинги 5 йилда мазкур рақамлар мос равишда 40 ва 260 мингтага етиши кутилмоқда.

Соҳада банд бўлганларнинг 15 фоиздан ортиғини юқори малакали мутахассислар ташкил этади. Автомобилсозликнинг мультипликатор эффекти туфайли – автомобилсозликдаги 1 та иш ўрни турдош тармоқларда, шу жумладан, металлургия, кимё, электроника, хизмат кўрсатиш соҳаларида 7-8 та янги иш ўринлари яратилади.

Ушбу саноат 2024 йилда 5,6 миллиард доллар савдо айланмасини амалга оширди ҳамда 10,1 трлн сўм солиқ тўлаб, давлат улуши мавжуд бўлган республиканинг йирик солиқ тўловчилари орасида еттинчи ўринни эгаллади. Жаҳон бозорида шиддат билан кучайиб бораётган шафқатсиз рақобат шароитида автомобиль саноатида эришилган тенденцияларни ва 30 мингдан ортиқ иш ўринларини сақлаб қолиш ҳамда уларни кўпайтириш кечиктириб бўлмас қатъий чораларни қўллашни талаб этади»

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.