Президент амалдорларнинг ҳашамат ва дабдабага интилишини қоралаб, уни коррупциянинг илдизи деб атади

Президент амалдорларнинг ҳашамат ва дабдабага интилишини қоралаб, уни коррупциянинг илдизи деб атади

Шавкат Мирзиёев 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида раҳбарлар ўртасидаги ортиқча ҳашамат ва дабдабани кескин танқид қилди.

«Коррупцияни енгиш учун, биринчи навбатда, унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган «ўқ илдизларини» қуритишимиз шарт. Энг ачинарлиси, бунга таниқли шахслар бош-қош бўляпти, одамлар уларга тенглашаман, деб ўзини «ўтга-чўғга» ураяпти, — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу борада айрим раҳбарлар ўзининг камтарона турмуш тарзи билан барчага намуна бўлиш ўрнига, бундай сохта қадриятлар асирига айланиб, ноқонуний даромад топишга интилаётгани ҳам бор гап.

Шу боис президент парламент палаталари, маҳаллий кенгашлар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла раислари, нуронийларни бу масалага бош-қош бўлиб, аҳоли орасида тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.

Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари ва нодавлат ташкилотларига ҳам мурожаат қилди.

«Коррупцияга қарши кураш — умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир. Умуман, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги керак. Шу боис, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилишимиз зарур. Аввало, нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш лозим. Бу — энг тўғри йўл», — деди у.

Президентнинг айтишича, парламент нодавлат ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиши мақсадга мувофиқ. Масалан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича конвенция талабларини мониторинг қилишга нодавлат ташкилотлар жалб қилинса, катта самара беришига ишонч билдирилди.

Ушбу мақсадлар учун янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ҳар йили 10 миллиард сўмдан ажратиб борилади.

Мирзиёев худди шу йиғилишда давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни тезлаштириш бўйича топшириқ берди. Ушбу тизимни 2022 йилдан жорий этиш режалаштирилган эди. Шунингдек, у ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарликни жорий этишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобиль ва миллий мебелга ўтиш зарурлиги айтди. Шунингдек, у Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ҳисоб палатасига тўғридан-тўғри давлат харидларини 2 карра қисқартиришга топшириқ берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.