Самарқанд вилояти Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракати ташкил этилганлигига 120 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилиши мўлжалланган тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Бу ҳақда Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов йиғилганларга батафсил маълумот берди.
Дастлаб касаба уюшма ходимлари ҳаракати тарихи ҳақида сўз юритилди. Уқтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида биринчи касаба уюшмалари ташкилоти 1905 йилнинг кузида темир йўл ишчилари ва алоқа ходимлари томонидан ташкил этилган. Дастлабки ойлардан бошлаб уюшма ишчи-хизматчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ишини бошлаб юборган. Масалан, Ўрта Осиё темир йўллари ишчи ва хизматчиларининг I Қурултойида 1906 йил январидан бошлаб 8 соатлик иш кунини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Темирйўлчилардан сўнг ўз касаба уюшмаларини почта-телеграф соҳаси ходимлари ташкил этган. Почта-телеграф уюшмасининг Туркистон бўлими 1905 йилнинг 24 октябрида ўз фаолиятини бошлаган. 1906 йилнинг 1 июлида Тошкентда Ўрта Осиё ва Оренбург-Тошкент темирйўлчиларининг бирлашган I Туркистон Қурултойи ўтказилиб, унда ишчи-ходимларнинг Устави қабул қилинган.
“Ушбу тарихий фактлар махсус тузилган ишчи гуруҳи томонидан аниқланди. Ишчи гуруҳи аъзолари архив материаллари ҳамда кутубхоналар фондидаги адабиётни, ўтган аср бошларида чоп этилган газеталарни чуқур ўрганиб, таҳалил этиш асосида юқоридаги хулосага келди”, – дейди Суҳроб Рафиқов.
Шунингдек, кенг аҳоли қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва бу борада намуна бўлиш мақсадида “Саёҳат, зиёрат, саломатлик» шиори остида ҳар ҳафтанинг жума куни “Самарқанд шаҳри бўйлаб 5 минг қадам” пиёда юриш марафони ўтказиб келинмоқда. Бир неча марта шундай марафон ОАВ вакиллари билан ҳам ўтказилди.
Матбуот анжуманида, шунингдек, ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини санаторийларда соғломлаштириш, ишчи-ходимлар саёҳатини ташкил этиш, оромгоҳларда болаларни соғломлаштириш ва касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш ҳолатлари бўйича ҳам журналистларга маълумот берилди.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.