Бундай плёнкларнинг синовлари Тошкент, Жиззах, Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказилган. Ҳозирги кунда Шанхай қишлоқ хўжалиги академияси томонидан Хитойнинг турли тупроқ-иқлим шароитида кенг кўламли синовлар олиб борилмоқда. Таъкидланишича, бу нано-заррачалар қуёш нурининг ультрабинафша нурланишини яқин инфрақизил диапазонга айлантиради. Шу билан бирга, бундай фотонларнинг иссиқлик энергияси +17…+22 даражага тенг бўлади. Натижада ташқи ҳарорат −3…−7 даража бўлган ҳолатда ҳам иссиқхона ичидаги ҳарорат қўшимча қиздиришсиз +5…+7 даражагача сақланади (одатий плёнкаларда бу кўрсаткич 0…+2 даража бўлади). Иссиқ кунларда эса иссиқхона ичидаги ҳарорат 5−8 даражага пасаяди.
Инфрақизил диапазондаги фотонлар сони кўпайиши туфайли фотосинтез тезлашади ва ўсимликлар 1,5−2 баравар тез ўсади. Шу билан бирга, энергия сарфи 60 фоиздан ортиқ камаяди, ҳосилдорлик 35−50 фоизга ортади, суғориш учун сув тежалиши 30 фоизни ташкил этади, агар гидрогеллар қўлланилса, бу кўрсаткич 90 фоизгача етади. Плёнканинг мустаҳкамлиги 3 баравар ошади, дейилади хабарда.
Академия хабарига кўра, Ўзбекистонда Shanghai Daedon Science and Technology Ltd. компанияси билан Материалшунослик институти базасида нано-порошокларни қўшма тажриба-саноат ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича келишув имзоланди.
Тажриба-саноат ишлаб чиқаришни ривожлантириш режасига кўра, 2025 йилда 1 тонна, 2026 йилда эса 10 тонна нано-заррачалар ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 2000 тоннага етказиш учун нано-порошоклар ишлаб чиқариш заводи қурилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.