Божхона қўмитаси божсиз олиб кириладиган товарлар ставкаси нима сабабдан ўзгарганини тушунтирди

Божхона қўмитаси божсиз олиб кириладиган товарлар ставкаси нима сабабдан ўзгарганини тушунтирди

Янги қоидалар ички бозорни ҳимоя қилиш, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятининг олдини олишга қаратилган

Маълум қилинишича, 1 майдан янги тартибга мувофиқ, жисмоний шахслар томонидан шахсий, нотижорат фойдаланиш учун товарларни бож олинмасдан олиб киришнинг янги меъёрлари қуйидагича белгиланади:

ҳаво йўли орқали чегарани кесиб ўтганда — 1000 АҚШ доллари (аввал — 2000 доллар);

темирйўл ва дарё транспорти орқали — 500 доллар (аввал — 1000 доллар);

автомобиль транспорти ёки пиёда ўтишда — аввалги меъёр сақланади — 300 доллар.

Қўшимча равишда хорижда бўлиш муддати бўйича чеклов жорий қилинади: агар фуқаро ҳаво йўли орқали мамлакатдан ташқарида уч календарь кундан кам ёки бошқа транспорт турлари бўйича икки кундан кам бўлган бўлса, янги меъёрлар қўлланилмайди.

Изоҳда қайд этилишича, бу каби чоралар халқаро тажрибага мос келади. Масалан, Европа Иттифоқи давлатларида лимитлар ҳаво йўлларида 480 АҚШ доллари ва ер усти транспортида 330 долларни ташкил этади. Туркияда транспорт туридан қатъи назар ягона лимит — 480 доллар, Хитойда эса — 722 доллар.

Божхона қўмитасининг маълум қилишича, сўнгги йилларда бож олинмайдиган тартибдан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳолатлари ортган. Айрим фуқаролар бир ойда ўнлаб марта чегарани кесиб ўтиб, шахсий фойдаланиш ниқоби остида йирик партияларда товар олиб кириб, божхона тўловларидан қочмоқда.

Хусусан, 2024 йилда 600 дан ортиқ қонунбузар аниқланган бўлиб, улар томонидан тизимли равишда ноқонуний олиб кириш ҳаракатлари амалга оширилган. Фақат “яшил йўлак” орқали божхона тўловидан қочиш орқали 21 миллиард сўмлик 1190 та уриниш қайд этилган.

Изоҳда курьерлик жўнатмалари билан боғлиқ ўзгаришларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 1 майдан бошлаб жисмоний шахсларга почта ва курьерлик хизматлари орқали ойига 200 АҚШ долларигача бўлган товарларни бож олинмасдан олишга рухсат берилади (аввал — чоракка 1000 доллар). Таҳлилларга кўра, бу мамлакатга кириб келаётган битта посилканинг ўртача ҳажмига мос келади. Бунда, бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда бундай жўнатмалар ҚҚС билан солиқ қилинмайди.

Хабарда таъкидланишича, янги қоидалар ички бозорни ҳимоя қилиш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятининг олдини олиш ва очиқ иқтисодий муҳитни ривожлантиришга қаратилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.