Ҳужжат 2024 йил 15 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Германия канцлери Олаф Шольцнинг ташрифи доирасида имзоланган.
Битимга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташқи меҳнат миграцияси қисми бўйича, Ички ишлар вазирлиги эса реадмиссия қисми бўйича масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгиланди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужжат 25 моддадан иборат бўлиб, малакали мутахассислар, жумладан, талабалар ва профессионал таълим олаётган шахслар, шунингдек, икки мамлакат ҳудудида ишлашга интилаётган журналистлар ва олимларнинг ҳаққоний мобиллигини рағбатлантиришни назарда тутади.
Бундан ташқари, келишув иш учун вақтинчалик миграцияни рағбатлантириш ва соддалаштириш, иш, касбий таълим ва малака ошириш мақсадида мамлакатда узоқ муддатли бўлишни рағбатлантиришга қаратилган.
Томонлар, шунингдек, ноқонуний миграция ва мигрантларни ноқонуний олиб киришнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, шунингдек, меҳнат эксплуатацияси, мажбурий меҳнат ва одам савдоси, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик қилади.
Ҳужжат, шунингдек, хорижий фуқароларни учинчи давлатга қайтариш учун транзит имкониятини ҳам назарда тутади. Оммавий ахборот воситалари Тошкент орқали афғонларни депортация қилиш мумкинлиги ҳақида ёзган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.