Аюбхон Раҳматуллаев ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлди, Улуғбек Ташходжаев — ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғи

Аюбхон Раҳматуллаев ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлди, Улуғбек Ташходжаев — ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғи

Ички ишлар вазирлигида мамлакатда жиноятчиликка қарши вазиятни барқарорлаштиришга бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Йиғилишда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги вазифалар ижроси якунлари муҳокама қилинди.

«Кадрлар билан ишлаш ҳамда хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш йўналишларида амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилди», — дейилади хабарда.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам муҳокама қилинди.

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига аввал Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев тайинланди.

Тадбир давомида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, уларни ҳимоя қилиш йўналишини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Улуғбек Шухратович Ташходжаев ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти раҳбари лавозимига тайинланди. Бунгача у 2023 йилдан буён Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлигига раҳбарлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, 3 март куни ИИВни қарийб 7,5 йил бошқарган Пўлат Бобожонов президентнинг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланган эди.

Бунгача Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи лавозимида ишлаб келган Азиз Тошпўлатов янги ички ишлар вазири бўлди. Бўш турган лавозимга аввал Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган Равшан Султонхўжаев тайинланди.

Орадан бир неча кун ўтиб ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи Шавкат Раҳмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бош вазир у ишдан олиниши олдидан фаолиятини танқид қилди.

Аввал хабар қилинганидек, 2024 йилда Ўзбекистонда жиноятчилик 25,8%, 2020 йилга нисбатан икки баробар ошган. Тошкент шаҳрида эса 1,5 баробар ўсган. Ўғирлик 3,3 баробар, фирибгарлик 1,6 баробар кўпайган. Оғир ва ўта оғир жиноятлар сони ортган. Шу билан бирга, жиноят содир этганлар сони учдан бир қисмга камайган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.