Ўзбекистон ва Франция стратегик шерикларга айланди

Ўзбекистон ва Франция стратегик шерикларга айланди

Ўзбекистон ва Франция президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон чоршанба куни Париждаги Елисей саройида бўлиб ўтган музокаралар чоғида мамлакатлар ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича «тарихий қарор» қабул қилди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ва «мувофиқлаштириш» мақсадида ташқи ишлар вазирликлари бошчилигида иқтисодий идораларни жалб қилган ҳолда Стратегик режалаштириш гуруҳини тузишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Франция стратегик шерикларга айланди
«Давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини юзма-юз ва делегациялар иштирокида атрофлича муҳокама қилдилар», — дейилади хабарда.

Улар 2023 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган аввалги саммитда эришилган келишувлар амалга оширилаётганини олқишлади. Мамлакатлар ўртасида турли даражадаги фаол алоқалар йўлга қўйилган. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард евродан ошди, қўшма корхоналар сони 4 баробар ўсди.

Савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва MEDEF бизнес миссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди ва Ишбилармонлар палатаси ўз ишини бошлади. Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликнинг янги дастури қабул қилинмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида Париж, Тулуза, Лион ва Ницца шаҳарларида ҳудудлар иштирокида қўшма тадбирлар ўтказилмоқда. Бир кун аввал қўшма тиббиёт форуми ва фан ва таълимга бағишланган анжуман, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданияти тақдимотлари бўлиб ўтди. Гретц-Арменвиль шаҳрида аллома Абу Райҳон Беруний бюсти очилди.

Саммит учун янги Инновация ва саноат шериклиги дастури тайёрланди. Муҳим минерал хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган қўшма лойиҳаларни илгари суриш кўзда тутилган.

Умуман олганда, қўшма лойиҳалар портфели 12 миллиард евродан ошади.

Ўзбекистон ва Франция стратегик шерикларга айланди
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Франция инвестиция кенгашини тузиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилнинг июнь ойида Тошкент инвестиция форуми арафасида ўтказишни таклиф қилди.

Ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида келаси йили Самарқанд шаҳрида икки давлат минтақаларининг биринчи форумини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Президентлар Париждаги Игор Савицкий номидаги Нукус музейи коллекциясидан авангард асарлар кўргазмасини ташкил этиш, шунингдек, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш ва реставрация қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистонда Франция мероси институтининг ваколатхонасини очиш режаларини қўллаб-қувватлади.

Таълим соҳасидаги асосий келишув жорий йилда Франциядан мутахассисларни жалб этган ҳолда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция университетининг очилиши бўлди. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасида ҳам ҳамкорлик давом эттирилади.

Ишбилармонлик, туризм ва маданий алмашинувларни фаоллаштириш мақсадида томонлар тўғридан-тўғри рейслар сонини оширишни кўриб чиқади.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашди. Терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик ва бошқа замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашда кўп томонлама ташкилотлар доирасида ўзаро ёрдамни давом эттириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.