Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган Наврўз муносабати билан бир-бирларини қутлаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон ва Туркманистон халқларига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Дўстлик, ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Хусусан, 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмоқда ва кооперация чуқурлашмоқда. Биргаликда «Шовот — Тошовуз» чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, фаол ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинув дастури доирасида тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий шериклик, муҳим форум ва анжуманларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалаларига алоҳида тўхталди.
Жумладан, Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё плюс» форматида ўтказиладиган саммитлар ҳамда Тошкент шаҳрида минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Ўзбекистон раҳбари жорий йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 март куни Шавкат Мирзиёев бошқа ҳамкасблари — Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан ҳам телефон орқали мулоқот қилганди. Етакчилар бир-бирини Наврўз байрами билан табриклаб, бўлажак саммитлар — Хўжанддаги уч томонлама учрашув ва C5+1 форматига тайёргарлик ишларини муҳокама қилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.