Олий Мажлис Сенати матбуот хизматининг хабар беришича, форумда 181 та мамлакати, 15 та кузатувчи давлат ҳамда 25 дан ортиқ халқаро ва парламентлараро ташкилотдан 2 мингга яқин делегатлар иштирок этиши кутилмоқда. Тадбирни президент Шавкат Мирзиёев очиб беради.
Йиғилишнинг асосий мавзуси «Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати» бўлади. Унда камбағалликни бартараф этиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий инклюзияни қўллаб-қувватлаш ва қарор қабул қилиш жараёнида камситилган гуруҳлар иштирокини ошириш каби масалалар муҳокама қилинади.
ПИ сайтида маълум қилинишича, ассамблея доирасида иттифоқнинг бошқа барча органлари, жумладан, унинг тўртта тематик доимий қўмитаси, Ёш парламент аъзолари форуми, Парламент аъзоларининг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Яқин Шарқ бўйича қўмита ва Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ чақирилади.
ПИ аёл парламент аъзолари форуми ўзининг 40 йиллигини нишонлайди. Хабарда айрим мамлакатларда аёллар ҳуқуқларига янги таҳдидлар ва дунё бўйлаб аёл депутатлар улушининг 27,2 фоиз даражасида тўхтаб қолгани қайд этилган.
Депутатлар Фаластинда икки давлат қарорини илгари суриш ва можаронинг барқарор ривожланишга таъсирини юмшатиш бўйича резолюцияларни қабул қилади.
Парламентлараро иттифоқ — миллий парламентларнинг бутунжаҳон ташкилоти бўлиб, 1889 йилда барча давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш мақсадида дунёдаги биринчи кўп томонлама сиёсий ташкилот сифатида тузилган. ПИнинг илк йиғилиши ўша йили Парижда ўтказилиб, унда тўққизта давлат депутатлари иштирок этган. Бугунги кунда иттифоқ 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий парламент органларини бирлаштиради. Кутилишича, бўлажак ассамблеяда Белиз иттифоқнинг янги аъзоси бўлади.
Бир йил муқаддам Женевада (Швейцария) иттифоқнинг 148-ассамблеяси доирасида Сенат раиси Танзила Нарбаева ва ПИ раиси Тулия Эксон юбилей ассамблеяни Тошкентда ўтказиш тўғрисида келишув имзолаган эди. Нарбаева ўша сессияда сўзга чиқиб, парламентарийлар дипломатия орқали тинчлик ва глобал барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиши зарурлигини таъкидлаганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.