Президент Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Президент Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини, хориждаги ватандошларни, бутун дунё мусулмонларини Рамазон Ҳайити билан табриклади.

«Ушбу саодатли дамларда бу йилги Рамазон ойини ҳар томонлама муносиб ўтказиб, Ийд-ал-Фитрни эл-юртимиз билан бирга мана шундай шоду хуррамликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз», — деди давлат раҳбари.

«Албатта, туб моҳиятида инсонпарварлик ғояси мужассам бўлган муқаддас ислом динининг эзгу қадриятлари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани Рамазон ойида янада яққол намоён бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз», — деди у.

«Бу муборак ойнинг „Рамазон — саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи“ деган ғоя асосида ўтказилгани жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди», — дея қўшимча қилди президент.

«Ислом — бу аввало, одамийлик, илм-фан, билим ва маърифат, эзгу фазилатларни улуғлаш таълимотидир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон халқининг ислом цивилизацияси ва маданияти негизида яратилган бой илмий-маънавий меросини бойитиш, ўрганиш ва оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар мамлакатда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий ҳаёт ҳам изчил ривожланиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.

«Бу ишларда юртимиз мўмин-мусулмонлари, бутун халқимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаб, бунинг учун барчангизга самимий миннатдорлик билдираман», — деди президент.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.