Солиқ қўмитаси тўланмаган солиқлар бўйича маркетплейсга талабнома юборди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қарздорлик 46 млрд сўмни ташкил этади.
Мубин Мирзаев таъкидлаганидек, бутун дунёда электрон савдо платформаларини солиққа тортиш жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
«Биз Ўзбекистондаги онлайн савдо тизимини солиққа тортиш нуқтаи назаридан тўлиқ таҳлил қилдик. Электрон тижорат билан шуғулланувчи кўплаб ташкилотлар томонидан солиқларни тўламаслик ҳолатлари аниқланди,» деди у.
Унинг сўзларига кўра, шу пайтгача Россиянинг Wildberries маркетплейси ҳам солиқ тўламаган. Солиқ қонунчилигига риоя қилиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш хати ортидан Wildberries 52 млрд сўм солиқ тўлаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Тему тахминан 46 млрд сўм солиқ тўламаган. Қайд этилишича, бу Солиқ қўмитаси томонидан ҳали текширилмаган дастлабки ҳисоб-китоблардир. Маркетплейсга тўланмаган солиқлар бўйича тегишли талабнома юборилган.
«Temu солиқларни тўласа, биз унинг фаолиятини қонунийлаштириш имкониятини яратамиз,» деди Мубин Мирзаев.
Компания солиқларни тўлаганидан сўнг, Солиқ қўмитаси Хитой маркетплейсида қарздорлик йўқлиги ҳақида хулоса беради.
Эслатиб ўтамиз, 20 март куни Ўзбекистоннинг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқлари, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилмагани сабабли Хитойнинг ТЕМУ маркетплейси фаолияти чекланган эди. 2 ҳафта ўтгач, маркетплейс Ўзбекистонда рўйхатдан ўтди ва юридик шахс мақомини олди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.