Сўз аввалида Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида иштирок этиш учун дунёнинг барча қитъаларидан келган нуфузли делегацияларни қутлади.
«Ўз сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг Ассамблеяси илк марта Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтмоқда. Анжуманнинг азим пойтахтимиз — Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани бизга улкан ифтихор бағишлайди. Бундай юксак ишонч ва эҳтиромни биз юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламентаризм ва вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш борасида эришилаётган катта натижаларнинг эътирофи, деб қабул қиламиз», — деди президент.
Давлат раҳбари сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортган бўлсада, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаганига этибор қаратди. Бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллион нафари қашшоқликда умр кечириши, 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиши қайд этди.
«Ўз-ўзидан равшанки, бу ҳолат иқтисодиёт ва жамиятга катта зарар етказади, ижтимоий-иқтисодий институтлар фаолиятини заифлаштиради, пировард натижада одамларнинг имкониятларини чеклайди. Албатта, бундай тенгсизликнинг асл сабабларини аниқлаш ва унинг оқибатларига қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифамиздир», — деди президент.
«Жаҳонда юз бераётган бугунги глобал ўзгаришлар Парламентлараро Иттифоқ ва миллий парламентларимиз олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда», — деди давлат раҳбари. У олтита масалага алоҳида тўхталиб ўтди.
Жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар
Президент Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.
«Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини албатта беради. Энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Фаластин — Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими «икки халқ учун — икки давлат» тамойилини рўёбга чиқаришдан иборат эканини қайд этди.
«Бизга қўшни бўлган Афғонистон ҳақида тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонамиз», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этишини маълум қилди.
«Евросиё гуруҳининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган баёнотини тўла олқишлаймиз», — деди у.
Иқлим ўзгариши
Шавкат Мирзиёев Париж битими доирасида ва углерод нейтраллигига эришиш борасида мажбуриятларни тўлиқ бажариш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини қайд этди.
«Давлатларнинг иқлим сиёсати бўйича илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланадиган энергия манбалари ва „яшил“ технологияларга ўтишни рағбатлантириш парламентларнинг муҳим вазифасига айланса, албатта, салмоқли ютуқларга эришамиз. Иқлим ўзгариши мавзуси Ассамблеянинг кун тартибидаги бош масалалардан бири сифатида доимий ўрин олиши керак, деб ҳисоблаймиз», — деди у.
Хотин-қизлар ҳуқуқлари
«Таҳлилларга кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқларида аёлларнинг эркаклар билан тенг иштироки таъминланса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 26 фоизга ўсади. Дунё миқёсида аёл депутатларнинг улуши 1995 йилдаги 11,3 фоиздан жорий йилга келиб 27,2 фоизга кўтарилгани албатта қувонарли ҳолдир», — деди Шавкат Мирзиёев.
Жамият бошқарувида аёллар фаоллигини қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чоралар ёрдамида, ҳеч шубҳасиз, янги натижаларга эришилиши таъкидланди
«Бизнинг ташаббусимиз билан илгари сурилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг «Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида»ги резолюциясини қўллаб-қувватлашингизга умид қиламан», — деди давлат раҳбари.
Ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш
Шавкат Мирзиёев парламентлар учун янги авлодни тарбиялаш, бу борада самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш келажагимизнинг муҳим омил эканини қайд этди.
«Миллий парламентлар ҳамда Иттифоқ фаолиятига ёшларни фаол жалб этиб, доимий мулоқотни кучайтириш зарур, деб ўйлайман. Бу борада Парламентлараро Иттифоқ тизими доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламан», — деди давлат раҳбари.
Ижтимоий ҳимоя
«Биз Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилиб, аҳолининг ҳар томонлама ҳимоясини таъминлашни сиёсатимизнинг устувор йўналиши этиб белгиладик. „Камбағалликдан фаровонлик сари“ дастурини амалга оширяпмиз. Охирги саккиз йилда 7 миллиондан зиёд аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, унинг даражаси 35 фоиздан 8,9 фоизга туширилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 6 фоизга пасайтиришни мақсад қилганмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент 2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференция ишида давлатлар парламентлари вакилларини фаол иштирок этиш учун таклиф қилди.
Сунъий интеллект
«Сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқилса, ушбу инновацион ҳуқуқий асос дунё миқёсида тез ривожланаётган ушбу соҳани самарали тартибга солишда барча давлатлар учун ўзига хос намуна бўлар эди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
«Дунёдаги ҳеч бир давлат ва жамият фақат кўплаб қонун ёки қарорлар қабул қилиш билан ривожлана олмайди. Барчамиз бу йўлда бирлашиб, қонун ижодкорлиги руҳини кучайтириб, бор билим ва тажрибамизни ягона мақсад сари сафарбар этиш орқали умумий мақсадимизга эриша оламиз», — дея нутқини якунлади давлат раҳбари.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.