Panorama Airways ҳаракатидан 2500 дан ортиқ киши жабр кўрди — Рақобат қўмитаси

Panorama Airways ҳаракатидан 2500 дан ортиқ киши жабр кўрди — Рақобат қўмитаси

Қўмитанинг маълум қилишича, Panorama Airways ва Gulbahor Airways авиакомпанияларининг ҳаракатлари 2558 кишига 25 млрд сўмлик зарар етказган.

Рақобат қўмитаси томонидан бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали “Умра” сафарларига юбориш учун тегишли лицензия ва рухсатномаси мавжуд бўлмаган туроператорларининг арзон нархда сотиш таклифлари асосида рекламалар қилинаётгани каби ҳолатлар ҳам кузатилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, “Умра” зиёратчиларига энг катта миқдорда, яъни 25 млрд сўмлик зарарни Panorama Airways ва Gulbakhor Airways фирмалари етказган бўлиб, алданиб қолган жабрланувчилар сони 2 558 нафарни ташкил этади.

Сурхондарё вилояти Bilolbek travel МЧЖ Жарқўрғон тумани филиали ходими Н.Ж. тегишли рухсатномасиз «Умра» зиёратига юборишни ваъда қилиб, фуқаро М.А.нинг 14 млн 900 минг сўм миқдоридаги пулини алдов йўли билан олган.

Шунингдек, мазкур МЧЖнинг Бойсун туман филиали мутахассиси А.С. ҳам зиёрат учун фуқаро Х.М.нинг ишончига кириб, 2 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Юқоридаги ҳолатларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқароларни алдов йўли билан ишончига кириб, пулларини ўзлаштираётган, ўзларини эса хорижда сарсон бўлишига сабаб бўлаётган сайёҳлик фирмалари ва туроператорларига тегишли чоралар кўрилган.

Маълумки, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолият Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли ҳамда 2024 йил 12 октябрдаги 668-сонли қарорлари асосида амалга оширилади.

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига 2024 йил 2 июлда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди.

Ўз навбатида, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатишга рухсат берилган (лицензияга эга) 12 та туроператорлар рўйхати эълон қилинган. Тегишли лицензияга эга бўлмаган субъектлар томонидан ушбу хизматларни кўрсатиш тақиқланган.

“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига мувофиқ ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.