Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан стратегик ҳамкорлигини ривожлантириш, ушбу глобал молиявий институт томонидан мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида Анна Бьерде давлат раҳбарига Жаҳон банки президенти Ажай Банганинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
«Бугунги кунда Ўзбекистон банкнинг энг йирик ҳамкорларидан биридир. Лойиҳалар портфели 12 миллиард доллардан ошди. Жаҳон банки иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда молиявий, консультатив ва техник кўмак кўрсатмоқда», — дейилади ахборот хизмати хабарида.
Камбағалликка қарши курашиш, энг аввало, туризм соҳасида хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, хусусий секторни ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш каби йўналишлар келгуси амалий шерикликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Углерод чиқиндиларини қисқартириш, урбанизация ва инфратузилмани модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишига кўмаклашиш борасидаги ҳамкорлик режаларига эътибор қаратилди.
Йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.