Тегишли қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шахсга доир маълумотларга сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда қонунга хилоф равишда ишлов бериш, шунингдек, уларни ОАВ ва интернетда тарқатганлик учун жавобгарликни белгиловчи янги 46-2-моддани киритиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида «сунъий интеллект» тушунчасига таъриф берилиб, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда ваколатли органнинг функсиялари белгиланмоқда. Ахборот ресурсларини яратишда ва ахборот тизимларининг ишлашида сунъий интеллектни қўллашнинг умумий қоидалари ҳам белгиланмоқда.
Лойиҳа сунъий интеллект ёрдамида яратилган ахборот ресурсларини мажбурий маркировкалашни назарда тутади. Шунингдек, бундай ресурслар ва тизимлар инсон ҳуқуқлари, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслигига оид талабни киритиш кўзда тутиляпти.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигига алоқадор қарорларни қабул қилишда фақатгина сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосасига таяниш мумкин эмаслиги қўшимча равишда мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уни ОАВ ҳамда Интернетда тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сунъий интеллектдан фойдаланишни янада ривожлантириш, турли соҳаларга жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш, уни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва тарқатишнинг олдини олишга хизмат қилади,» дея таъкидлади депутатлар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.