Учрашув аввалида Туркманистон етакчиси Ўзбекистон раҳбарига Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Кўп қиррали ҳамкорлик барча йўналишларда, шу жумладан сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
«Барча даражаларда самарали мулоқот олиб борилмоқда. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми, маданият кунлари, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Пойтахтларда савдо уйлари очилиб, юк ташиш ҳажми ошмоқда. Яқин йилларда товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
2025 йилда Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ҳамда Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди.
Шавкат Мирзиёев Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида 2025 йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон президенти туркман халқининг миллий етакчисига унинг қаламига мансуб «Тафаккур гавҳари» китобининг ўзбек тилидаги нусхасини топширди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.