Марказий Осиё: Минтақа қандай динамикада яшаяпти ва ўз барқарорлигини қандай сақлаб қоляпти?

Марказий Осиё: Минтақа қандай динамикада яшаяпти ва ўз барқарорлигини қандай сақлаб қоляпти?

Эрон атрофидаги кескин эскалациядан тортиб Афғонистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршиликкача — кетма-кет хавотирли ҳодисалар фонида Марказий Осиё ўзининг прагматик ташқи сиёсати билан жозибадор даражада тинч ва осойишта кўринмоқда. Бу эса минтақанинг бундай ҳолатга қандай эришгани хусусида сўз юритиш учун яхши бир сабабдир.

Бугунги кунда минтақавий ички муносабатлар ва минтақавий тартиб қандай? Марказий Осиё ҳамжамияти Евроосиё ва халқаро масалалар билан қай даражада боғлиқ? Ва, энг асосийси: нотинч дунёда Марказий Осиё минтақаси барқарорликни қандай сақлаб қоляпти? Келинг, шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Марказий Осиё минтақа сифатида


Бугунги кунда минтақалар «харита бўйича» эмас, кўпроқ ўзаро боғлиқлик асосида яшайди. Мамлакатлар иттифоқчи бўлмаслиги, бир-бирига ишонмаслиги ва шов-шувли келишувлар имзоламаслиги мумкин, лекин шу билан бир пайтда, келишиб олишга мажбур. Сув, энергия, миграция, хавфсизлик, транспорт — бу масалаларни четлаб ўтиш мумкин эмас. Минтақа ё биргаликда яшашни ўрганади, ёки беқарорликка юз тутади.

Регионализмнинг ягона андазаси йўқ — у мослашувчан ва кўп қатламлидир. Айнан у XXI асрда сиёсат нафақат глобал, балки минтақавий даражада ҳам тобора кўпроқ шаклланаётганини англашнинг калитига айланмоқда. Бу даражани эътиборсиз қолдириш эса янги халқаро тизим қандай тузилганини тушунмаслик демакдир.

Сўнгги йилларда дунё тартибдаги сезиларли ўзгаришлар туфайли Марказий Осиё минтақасига ҳам қизиқиш ортиб бормоқда: бу ердаги мамлакатлар қандай мантиққа асосланиб яшаган ва ўзаро ҳамкорликни давом эттирмоқда, ўзаро ва ташқи дунё билан муносабатларни қайси схема бўйича қурмоқда?

Марказий Осиё минтақа сифатида тарихан — ўз географияси, савдо йўллари, маданий алоқалари ва минг йиллик тарихи туфайли шаклланган. Бироқ унинг замонавий сиёсий қиёфаси постсовет даврида амалга оширилган онгли танлов натижасидир.

Минтақа шунчаки географик харита эмас. У, шунингдек, ҳудудни сиёсий жиҳатдан тавсифлаш усулидир. Марказий Осиёни гоҳ Катта Евроосиё таркибига, гоҳ ислом ёки турк дунёсига киритишади, гоҳида эса халқаро сиёсатнинг мустақил маркази сифатида кўришади. Уни «буюк шахмат тахтаси» призмаси орқали ёки ҳатто Катта Марказий Осиё тушунчаси билан тавсифлашга уринишлар бўлганини ҳам яхши эслаймиз. Ўзаро кесишувчи бундай қолиплар унинг яхлитлигига путур етказолмади. Аксинча, кўп қиррали ўзига хослик барқарорликни мустаҳкамлайди: минтақа бир вақтнинг ўзида бир нечта стратегик ўлчовда ҳаракат қилишга қодир.

Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари таркибига киритилиши бунга яққол мисол бўла олади. Бу ерда география эмас, балки манфаатлар мослиги ва минтақанинг сиёсий майдонини кенгайтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Марказий Осиё: Минтақа қандай динамикада яшаяпти ва ўз барқарорлигини қандай сақлаб қоляпти?
1990−2000 йилларда Марказий Осиёда регионализмни расмийлаштиришга бўлган уринишлар бемаврид бўлиб чиқди. Тажриба етишмаслиги, хавфсизлик масаласининг устуворлиги ва элиталарнинг амбициялари интеграция лойиҳаларининг барбод бўлишига олиб келди. Бироқ бу тузилмалар барҳам топганидан кейин ҳам минтақавий ўзаро боғлиқлик ҳеч қаёққа йўқолмади. Умумий бозорлар, умумий хатарлар ва умумий манфаатлар давлатларни ҳар қандай декларациялардан кўра мустаҳкамроқ боғлашда давом этди.

Вазият 2017 йилдан кейин ўзгарди: мамлакатлар «юмшоқ» регионализмга — мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, келишилган ташқи позицияни намоён этишга қайтди. Аста-секин минтақа нафақат дипломатик амалиётда, балки жамоатчилик идрокида ҳам ўз ўрнини топди.

Узоқ вақт давомида минтақа барқарорлиги ташқи кузатувчилар томонидан шубҳа остига олинган. Бугунги динамика эса бунинг аксини кўрсатмоқда: Марказий Осиё нафақат парчаланишдан сақланиб қолди, балки ўз автономиясини кучайтирди ҳам. Йирик кучларнинг кескин рақобати шароитида минтақа эндиликда ташқи сиёсат объекти эмас, балки ягона шерик сифатида қабул қилинмоқда.

Бу эса, чуқур интеграцияга ҳамон тўсқинлик қилаётган ички чекловлар ва ташқи таъсир мавжуд эканига қарамай, мустақил қарорлар учун кенгроқ имкониятлар яратиб, алоҳида субъектлик ҳиссини кучайтиради.

Минтақавий тартиб — Марказий Осиёни англаш калити


Минтақа қанчалик турли-туман атама ва тушунчалар билан тавсифланмасин, Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, унда муайян минтақавий тартиб сақланиб қолди. Яъни улар ҳеч қандай шароитда чекинмаган мақсадлар, қоидалар, меъёрлар ва тамойиллар тизими мавжуд эди.

Дунёнинг бу қисмида ўзаро ҳамкорликнинг ўзига хос модели — қатъий миллатлараро институтларсиз, бироқ барқарор хулқ-атвор меъёрларига асосланган модель шаклланди. Расмий механизмлар ва кўзга кўринмайдиган келишувларнинг бу уйғунлиги давлатларга ҳатто ташқи босим остида ҳам башоратлиликни сақлаб қолиш имконини беради.

Бугунги кунда Марказий Осиё тартиби бир вақтнинг ўзида уч ўлчамда — минтақавий, макроминтақавий ва глобал даражада мавжуд. У кенгроқ жараёнларга сингиб улгурган, лекин улар ичида йўқ бўлиб кетмайди. Айнан мана шу кўп босқичлилик минтақага мувозанатни сақлаш ва қатъий гегемонликдан қутулиш имконини беради.

Замонавий дунёда барқарорлик нафақат ресурслар, балки ўз архитектурасини ярата олиш қобилияти билан ҳам белгиланади. Марказий Осиё эса бу архитектурани яратди ва мустаҳкамлашда давом этмоқда.

Минтақада ички хулқ-атвор қоидалари ва меъёрлари


Марказий Осиёдаги тартибнинг минтақавий даражаси унинг барча давлатлари томонидан қабул қилинган умумий асосий мақсадлар, хулқ-атвор меъёрлари ва қоидаларига асосланади.

Бугунги кунда суверенитет, мустақиллик ва ўзаро ҳурматни сақлаш минтақавий сиёсатнинг асосий мақсади бўлиб қолмоқда. Тарихий қадриятлар ва ахлоқ мезонларидан келиб чиққан ҳолда минтақа давлатларининг қўшниларга нисбатан стратегияси «Қўшнинг тинч — сен тинч» тамойилига таянади.

Минтақа мамлакатлари биргаликда яшашнинг асосий қоидаларига риоя қилишга уринмоқда. Этник ва бошқа давлатлараро низоларнинг олдини олиш барча учун энг муҳим мақсадлигича қолмоқда. Ички ишларга аралашмаслик қоидаси ва интервенциялардан воз кечиш яққол кўзга ташланади. Масалан, миллатлараро зиддиятлар камдан-кам ҳолларда давлатлараро даражага олиб чиқилади ва жиддий можароларга айланиб кетмайди (2010 йилда Ўш ва Жалолободда юз берган фожиали воқеаларни эслаш мумкин). Тошкентда Қирғизистон ёки Туркманистондаги ўзбеклар шу мамлакатларнинг фуқаролари сифатида қабул қилинади, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида сув ресурсларининг тенг тақсимлангани эса ҳамкорликка амалий тайёрликни кўрсатади.

Шубҳасиз, давлат ҳокимиятнинг ягона манбаидир. Пантуркизм ёки ягона Туркистон, трансчегаравий халифалик ёхуд собиқ Совет Иттифоқининг қайта гавдаланиши каби ғоялар истиқболсиз кўринади ва қатъий ҳимоя қилинадиган суверенитет тамойилларига зиддир.

Минтақа давлатларини ўз халқаро мақоми ва нуфузини оширишга бўлган интилиш бирлаштириб туради. Бу ички барқарорликни сақлашнинг муҳим шартидир. Ташқи кучлар минтақада нафақат муайян давлат билан алоҳида субъект, балки ягона жамоавий субъект сифатида ҳам ҳамкорлик қилишни истайди. Шу боис бу барқарор тартиб меъёрлари ва қоидаларига асосланган тинч-тотув яшаш ҳамда минтақавий ҳамжиҳатликни намойиш этиш заруратини юзага келтиради.

Манфаатлар ва давлат қурилиши моделларидаги тафовутлар халқлар ўртасидаги минг йиллик яхши қўшничилик ва ўзаро англашув анъаналарига таъсир қилмайди. Бу давлат раҳбарларининг бир-бирига нисбатан сиёсий муносабатини ҳам белгилаб беради.

Минтақа ичидаги кучлар мувозанатини сақлаш, «катта оға» услубидаги хатти-ҳаракатлардан воз кечиш қоидаси мавжуд. Яна бир ёзилмаган қоида — турли иқтисодий ва ҳарбий мажбуриятлар ёрдамида йирик давлатлар (АҚШ, Россия, Хитой) ўртасида мувозанатни тутиб туришдир.

Марказий Осиё: Минтақа қандай динамикада яшаяпти ва ўз барқарорлигини қандай сақлаб қоляпти?
Чегара, сув, энергетика, транспорт ва бошқа сабабларга кўра юзага келган маҳаллий ва гоҳида «қизғин» баҳслар даврида ҳам ҳудудий яхлитлик ҳамда «қизил чизиқлар»ни кесиб ўтмаслик қоидаларига қатъий риоя қилинган. Масалан, 2022 йил бошида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика тизимидаги инқироз конструктив тарзда ҳал этилди ва Ўзбекистоннинг Мувофиқлаштирувчи электр энергетика кенгаши мандатини кенгайтириш бўйича ташаббусини кун тартибига олиб чиқди.

Ўзбекистон ва Тожикистон, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп йиллик чегара баҳслари ҳал қилинди. Ўзбекистон Тожикистон ҳудудида гидротехника иншоотлари қуришда қатнашмоқда. Қирғизистон эса Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўз гидроэнергетика лойиҳаларига киритаётган сармояларини олқишламоқда.

Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсати тажовузкор бўлмаса ва яхши қўшничилик анъаналарига ҳурмат билан қараса, легитим деб ҳисобланади. Анклавлар, миллий озчиликлар ҳуқуқлари ва чегараолди аҳолиси муаммоларини ҳал этишда оддий одамлар ҳамда миллий (ва маҳаллий) элиталар манфаатлари инобатга олинади. Минтақа халқлари бир-бирини «ўзиники» деб билади, шу сабабли тинчлик ва барқарорликни сақлашда жамоатчилик фикри ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Сиёсий ҳокимият алмашинуви жараёнида унинг легитимлигини ўзаро қўллаб-қувватлаш қоидаси амал қилади. Айнан минтақа етакчилари янги ҳукуматни биринчилардан бўлиб расман тан олади, қайта сайланган раҳбар эса биринчи навбатда қўшни мамлакатларга ташриф буюради.

Минтақада «долзарб минтақавий масалаларни ҳал этишда биринчи навбатда ва энг асосийси Марказий Осиё давлатларининг ўзи масъул» деган қоидага амал қилинади.

«Минтақада мустаҳкам ва узоқ муддатли хавфсизлик тизимини яратиш бўйича самарали чоралар кўриш» зарурлиги тўғрисида ташаббуслар янграмоқда. Масалан, 2022 йилда Чўлпонотада бўлиб ўтган маслаҳат учрашувида етакчиларнинг конституциявий тузум ва суверенитетни ҳимоя қилишда бир-бирини очиқ қўллаб-қувватлагани бунинг яққол исботи бўлди. «Жипслашув» тамойили шунчаки баёнот эмас, балки минтақа хавфсизлиги умумий масъулият сифатида қаралаётганидан далолат берувчи сигналга айланди. Шунингдек, ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини берадиган Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда Хатарлар ва таҳдидлар каталоги қабул қилинди.

Марказий Осиёдаги макроминтақавий тартибни Евроосиё маконидаги вазиятдан айри ҳолда кўриб чиқиш мумкин эмас. Минтақа Евроосиё маромида яшайди ва кўп нарса ана шу маромга боғлиқ. Минтақавий тартиб қандай йўлга қўйилганини тушуниш учун ҳар беш мамлакатнинг позициясини кўриб чиқиш зарур — ҳақиқий мувозанат айнан ўша ерда белгиланади.

Қозоғистон дунёнинг икки нуфузли кучи — Россия ва Хитой билан, Каспий денгизи орқали эса Эрон ва Озарбайжон билан чегарадош. Мамлакат ўзининг кўп векторли стратегиясини қўшнилар манфаатлари ўртасида мувозанат сақлаган ҳолда ҳамда суверенитет, чегаралар дахлсизлиги, миллий ўзига хослик ва ташқи гегемонияни рад этиш каби асосий қадриятларга таяниб қуради. Қозоғистон сиёсати Осиёга хос минтақавий ёндашувни ғарб тамойиллари билан уйғунлаштиради.

Шу боис Остона EОИИни илгари сурди, КХШТ фаолиятида фаол иштирок этяпти ва Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасини қўллаб-қувватлайди. МДҲ ва ШҲТдан тортиб, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ҳуқуқ ва дипломатия институтларидан Қозоғистон ўз атрофидаги тартибни мустаҳкамлаш воситаси сифатида фойдаланади. Шу тариқа, мамлакат нафақат ўз манфаатларини ҳимоя қилади, балки бутун Марказий Осиёнинг мустақил позициясини шакллантиришга ҳам ҳисса қўшади.

Қирғизистон Хитой билан чегарадош бўлиб, қўшнилари билан ўзаро муносабатларини хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг анъанавий механизмлари асосида қуради. Шу билан бирга, мамлакат ўзгалар тазйиқини қатъий рад этади. Бишкек Россия, Хитой ва Ғарб таъсирини мувозанатда ушлаган ҳолда вазмин сиёсат юритмоқда. Айни вақтда, суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик масалалари мамлакат сиёсий кун тартибининг марказида туради. Мамлакат қарорлари ўзгарувчан ташқи шароитларга қарамай, давлат ва бутун минтақа манфаатларини ҳимоя қилишга интилишини акс эттиради.

Тожикистон жанубда нотинч Афғонистон билан чегарадош. Ғарбда эса Эрон жойлашган бўлиб, у билан муносабатлар ўзгариб турса-да, умумий маданият ва тарихга таянади. Бу мамлакатнинг минтақавий тартибдаги ўзига хос ўрнини белгилаб беради.

Душанбе Марказий Осиё барқарорлигини таъминловчи ўрнашиб қолган меъёрлар, тамойиллар ва институтларга содиқ. КХШТ аъзоси бўлган Тожикистон Россия ташаббуси билан тузилган ЕОИИга қўшилмай келмоқда, бироқ универсал минтақавий платформалар — МДҲ ва ШҲТни фаол қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа мамлакат Евроосиёнинг етакчи иштирокчилари ўртасида мувозанатни сақлаб, ўз манфаатларини ҳимоя қилмоқда ва минтақадаги умумий тартибни мустаҳкамламоқда.

Туркманистон ўзининг геосиёсий жойлашувидан келиб чиқиб, минтақавий қурилиш мақсадларини амалга оширишга интилади. «Ижобий бетарафлик» мақомига эга бўлишига қарамай, мамлакат Афғонистондан келаётган барча хавф-хатарларга юзма-юз келмоқда. Ашхобод Теҳрон билан бир маромдаги муносабатларни сақлаб турибди, лекин бу Эрон йўналишидаги сиёсатнинг барча мураккабликларини истисно этмайди.

Туркманистон «Каспий тенгламаси»нинг энг муҳим бўғини бўлиб, унга Россия ва Қозоғистондан ташқари ўз манфаатларига эга Озарбайжон ҳам киради. Ресурсларга бой Туркманистон ўзининг минтақавий сиёсатида Россия, Хитой ва Ғарб каби кўплаб минтақадан ташқари омилларни ҳам ҳисобга олади. Шу билан бирга, ЕОИИ ва КХШТдан бошқа умумий ҳамкорлик форматларида де-факто иштирок этиб, Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва мувозанатини мустаҳкамламоқда.

Минтақанинг барча беш давлати ва жанубда Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон минтақавий тартибни мустаҳкамлашдан энг кўп манфаатдор давлатдир. Сўнгги йилларда Тошкент МДҲ, ШҲТ, ЕОИИ, ТДТ, ИҲТ ва ОҲИЧК доирасидаги жараёнларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг Россия ва Хитой билан стратегик муносабатлари ҳамда унинг Евроосиё мейнстримига кенг жалб этилгани минтақавий тартибни сақлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу, шунингдек, барча иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Қолаверса, Ўзбекистон янги ташаббусларни илгари сурадиган, минтақавий мақсадлар, меъёрлар, қоидалар ва қадриятларни ҳимоя қиладиган конструктив ва прагматик ҳамкордир.

Россия ва Хитой бу ҳудудда узоқ муддатли иқтисодий лойиҳаларни амалга ошираётган асосий иштирокчилар бўлиб қолмоқда. EОИИ ва «Бир макон, бир йўл» ташаббусларини уйғунлаштиришга бўлган уринишлар барқарорлик йўлида Россия ва Хитой манфаатларини мувофиқлаштиришга ёрдам беради.

Минтақа мамлакатлари билан умумий тил ва маданият орқали боғланган, бироқ географик жиҳатдан Жанубий Кавказ ҳудуди билан ажралиб турадиган Туркия манфаатларининг мослашуви Туркий давлатлар ташкилоти воситасида рўй бермоқда.

Эрон эса штаб-квартираси Теҳронда жойлашган ва фаолияти қайта тикланган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти орқали минтақавий таъсир воситасига эга бўлмоқда.

Араб-мусулмон дунёси мамлакатлари минтақавий жараёнларга ҳам икки томонлама асосда, ҳам Ислом ҳамкорлик ташкилоти орқали жалб қилинган.

Жанубий Осиё билан боғлиқлик Марказий Осиёдаги янги тартибга суръат ва миқёс бағишлайдиган «иккинчи нафас»га айланиши мумкин. Бир томондан, бу ривожланиб бораётган Ҳиндистон ва Покистон манфаатларига тўла мос келади. Бошқа томондан эса Марказий Осиё мамлакатлари минтақа ичида мувозанат ва бирликни таъминлаган ҳолда ўз ҳамжамиятини мустаҳкамлашига туртки бўлади.

Шу билан бирга, «ҳозир Евроосиёда бу маконда ўз бошқаруви остида ягона тартиб ўрнатишга қодир ва шунга интиладиган давлат йўқ» деган фикрга қўшилиш жоиз.

Демак, минтақавий тартиб Россия ва постсовет ҳудуди билан тарихий алоқалар ҳамда интеграция, Хитойнинг иқтисодий юксалиши ва ортиб бораётган нуфузи, шунингдек, мамлакатларнинг маданий пойдеворини ташкил этувчи исломий ва туркий анъаналар таъсирида шаклланмоқда. Ҳиндистон, Покистон ва Эроннинг интилишлари эса ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини вужудга келтириб, айни пайтда минтақалараро ҳамкорлик учун имкониятларни кенгайтирмоқда.

Марказий Осиё учун халқаро тартиб даражаси оддий ва прагматик: легитимлик — БМТ орқали, таъсир ва ресурслар — глобал кучларнинг етакчи марказлари орқали таъминланади. Бугунги кунда минтақавий тартибнинг ташқи қиёфаси айнан шу икки қутб ўртасида шаклланмоқда.

Марказий Осиё: Минтақа қандай динамикада яшаяпти ва ўз барқарорлигини қандай сақлаб қоляпти?
2017 йилда бўлиб ўтган БМТнинг Самарқанд конференцияси ҳамкорликнинг «Самарқанд руҳи»га асос солган бўлса, унинг институционал расмийлаштирилиши БМТ Бош ассамблеясининг 2018 йилдаги резолюцияси бўлди. Шу пайтдан бошлаб Марказий Осиё халқаро майдонда янада келишилган ҳолда сўзлаб, қўшма экологик, энергетик, ижтимоий ва гуманитар ташаббусларни илгари сура бошлади.

Марказий Осиё давлатлари замонавий дунё тартибини шакллантиришда унинг турли ҳаётий соҳалардаги меъёрлари, қоидалари ва тамойилларини ўзгартириш орқали иштирок этмоқда. Минтақа глобал стратегияларни амалга оширишдан тортиб терроризмга қарши курашгача бўлган масалаларда жаҳон сиёсатининг масъулиятли иштирокчиси сифатида ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. БМТ ва бошқа институтлар орқали умуминсоний қадриятлар ҳимоя қилиниб, ўзига хослик шакллантирилмоқда ҳамда «юмшоқ куч» ҳисобига таъсирни кучайтирувчи миллий манфаатлар илгари сурилмоқда.

Муносиб халқаро ҳаракатлар суверенитетни ҳимоя қилади ва йирик ўйинчиларни тийиб туради. БМТ, гарчи ҳал қилувчи куч бўлмаса-да, барқарорликнинг таянчи бўлиб қолмоқда.

Масалан, Тошкент ва Остона Дональд Трампнинг «Тинчлик кенгаши»га қўшилиши жаҳон сиёсатида фаол иштирок этишга йўл очадиган қарорлардан биридир.

«Марказий Осиё плюс» форматларининг ривожланиши минтақанинг мустақил геосиёсий субъект сифатида тобора кўпроқ тан олинаётганини акс эттиради. Бу платформалар ташқи рақобатнинг кучайишини қайд этиш билан бирга, минтақа мамлакатларининг сиёсий бирликни сақлаб қолиш ва умумий манфаатларни ифодалаш қобилиятини ҳам кўрсатади.

Хулоса қандай?


Барча мураккабликларга қарамай, Марказий Осиёда регионализм тамойилларининг мустаҳкамланаётгани яққол кўзга ташланяпти. Яъни бу ерда қарорлар қабул қилишда минтақавий реалликни инобатга олиш учун сиёсий ирода етарли. Минтақанинг барча мамлакатлари ўзаро боғлиқлигини ва қўшнилардан юз ўгириб бўлмаслигини тан олади. Ҳозирча минтақавийлик «юмшоқ» характерга эга ва уни қандайдир интеграцион тузилма деб таърифлаб бўлмайди.

Нега ҳозирча тўлақонли интеграция йўқ? Чунки интеграция ҳамкорлик шунчаки сиёсий келишув бўлиб қолмай, ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган жойдан бошланади. Умумий институтлар пайдо бўлади, мажбурий қарорлар қабул қилинади, ваколатларнинг бир қисми миллий даражадан юқори — миллатлараро даражага олиб чиқилади. Бу энди оддий мувофиқлаштириш эмас, балки умумий маконни шакллантириш демакдир. Шу жиҳатдан, Ўзбекистоннинг давлат раҳбарлари маслаҳат учрашувларини «Марказий Осиё ҳамжамияти» стратегик форматига ўзгартириш тўғрисидаги ташаббуси янада тизимли минтақавий келажак сари қўйилган қадамдек кўринади.

Шунга қарамай, Марказий Осиё ўнлаб йиллар давомида тарқоқликни бошдан кечирди, лекин, энг асосийси — минтақавий тартибни сақлаб қола олди. Манфаатлар зиддияти ва рақобатига қарамасдан, минтақа мамлакатлари шафқатсиз дунёда камдан кам учрайдиган барқарорликни намоён этиб, келишилган мақсадларга амал қилишда давом этмоқда. Ташқи кучлар мувозанати ва ички барқарорлик минтақани глобал силжишлар шароитида «тартиб ороли»га айлантирди.

Шу вақт мобайнида тартибни сақлашнинг бир қатор механизмлари шаклланди: институционал ва ҳуқуқий платформалар, иқтисодий ўзаро боғлиқлик, минтақанинг халқаро миқёсда тан олиниши, ҳарбий-сиёсий, ахборот ва тармоқли мувофиқлаштириш куртаклари. Тартиб ҳали ҳам миллий давлатларга таянади, бироқ ихтиёрий ва мослашувчан интеграция элементларига эга бўлган чуқурроқ регионализм учун аллақачон етилган.

Марказий Осиё тартиби трансмиллий тус олди: у Евроосиё ва глобал жараёнларга сингиб кетган, халқаро меъёрлар ва ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро алоқалар орқали ривожланмоқда. Бу эса минтақа мамлакатларини ташқи сиёсатни мувофиқлаштиришга ва ташаббусларни биргаликда илгари суришга ундайди.

Минтақанинг бундан кейинги тараққиёти минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш билан боғлиқ. Умумий тартибнинг институционаллашуви — келишилган савдо қоидаларидан тортиб мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларгача — мувозанат сақлашни мажбурий тактикадан стратегик танловга айлантиради. Бу етакчи глобал кучлар рақобати шароитида автономияни сақлаб қолишга ва куч марказининг Осиёга силжишига мослашишга имкон беради.

Марказий Осиёнинг келажаги мувозанат сақлашдан воз кечишда эмас, балки унга ички таянч яратиб беришдадир. Минтақа аввалгидек турли куч марказлари билан муносабатлар ўрнатишда давом этади — унинг оқилона ёндашуви ҳам айнан шунда. Лекин Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий, инфратузилмавий ва сиёсий алоқалар қанчалик чуқур бўлса, ташқи рақобат уларнинг кун тартибига шунчалик кам таъсир кўрсатади.

Марказий Осиё энди ўзгаларнинг стратегиялари учун майдон эмас, балки ўз стратегиясининг муаллифига айланмоқда. Умумий ноаниқлик шароитида айнан минтақавий интеграция мустақилликни сақлаб қолиш ва дунё билан янада ишончлироқ оҳангда сўзлашиш имконини беради. Кучли ички боғлиқлик — географияни қудратга айлантиришнинг ягона йўлидир.

Минтақа барқарорлиги шунчаки ташқи таҳдидлардан ҳимояланиш эмас. Бу — Марказий Осиё ўз таъсирини ўрнатиб, минтақавий сиёсатнинг ривожланиш йўналишини мустақил белгилайдиган мустаҳкам пойдевор.

Шуҳрат Тожиев, сиёсий фанлар доктори, доцент

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.