Ўзбекистондаги биринчи илғор муҳандислик мактаби Олмалиқда ташкил этилди

Ўзбекистондаги биринчи илғор муҳандислик мактаби Олмалиқда ташкил этилди

Президентимиз ташаббуси билан МИСиС Фан ва технологиялар университети ва ОКМК ҳамкорлигида «ГеоМетТех» илғор муҳандислик мактаби ташкил этилмоқда.

Айни кунларда пойтахтимизда ўтказилаётган Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-саноат ҳамкорлигининг муҳим тадбири — «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» В Халқаро саноат кўргазмаси давомида МИСиС Фан ва технологиялар университети ректори Алевтина Черникова ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ бошқарув раиси Абдулла Хурсанов ўртасида мазкур мактаб фаолиятини ташкил этиш бўйича битим имзоланди.

“ГеоМетТех” илғор муҳандислик мактабини ташкил этишдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси саноат мажмуасини, шу жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатини янги билим ва кўникмаларни қўллаган ҳолда тармоқларни истиқболли ривожлантиришнинг стратегик вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали муҳандис мутахассислар билан таъминлашдан иборат

Илғор муҳандислик мактабида “Кон иши ва бойитиш”, “Нодир, ноёб, камёб ер ва оғир металлар металлургияси”, “Рақамли материалшунослик ва янги технологиялар”, “Технологик жараёнларнинг рақамли трансформацияси” каби асосий йўналишлар қамраб олинади.

Ўқитиш 2025-йил 1-сентябрдан «Металлургия» таълим дастури бўйича бошланади. 2025/2026 ўқув йилида магистратура талабалари иккита йўналишни танлашлари мумкин бўлади: «Фойдали қазилмаларни бойитиш» ва «Технологик жараёнларни рақамли бошқариш». Келгусида дастурлар рўйхати кенгайтирилади.

Илғор муҳандислик мактаби мураккаб техник муаммоларни ҳал қилишга, инновацион фикрлашга, янги технологияларни ўрганиш ва ишлаб чиқишга тайёр мутахассисларни тайёрлайди.

Талабалар магистратуранинг биринчи курсидан бошлаб ишлаб чиқаришнинг муаммоли масалаларини тадқиқ қилишни бошлайдилар ва кейинчалик натижаларни муайян корхонада жорий этадилар.

Илғор муҳандислик мактабида барча зарур замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари билан таъминлаган «Виртуал синов лабораторияси», «Янги материаллар ва технологиялар лабораторияси», «Кон ускуналарини автоматлаштириш ва таъмирлаш лабораторияси», “Лойиҳа-конструкторлик бюроси” каби махсус илмий-таълим майдонларини жамлаган таълим фабрикаси ҳам бўлади.

МИСиС Фан ва технологиялар университети ректори Алевтина Черникова: — «2022-йилда МИСиС университети етакчи юқори технологияли компаниялар билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш марказлари — илғор муҳандислик мактабларини ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича федерал танлов ғолиби бўлди. «Материалшунослик, аддитив ва узлуксиз технологиялар» номли ихтисослаштирилган мактабимизда саноат ҳамкорларимиз билан биргаликда таълим дастурларини яратмоқдамиз, кун тартибини шакллантираяпмиз. Олий таълим муассасамизнинг энг яхши таълим ва тадқиқот амалиёти халқаро лойиҳаларни амалга оширишда оммалаштирилмоқда. 2024-йил май ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев университетнинг Олмалиқ филиали негизида илғор муҳандислик мактабини очишни қўллаб-қувватлади ва биз ушбу ташаббусни амалга оширишга киришдик. Россия Федерацияси Фан ва таълим вазирлигининг топшириғига биноан олийгоҳимиз ОКМК билан биргаликда «ГеоМетТех» ИММни ташкил этиш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди. Илғор муҳандислик мактабида Республика иқтисодиёти учун юқори малакали кадрлар тайёрланади.»

Ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини янада чуқурроқ тушуниш ҳамда “Олмалиқ КМК” АЖ ва умуман тармоқнинг илмий, технологик, конструкторлик вазифаларини ҳал этиш учун ишчи касбларни қўшимча ўзлаштириш ҳам мактабнинг таълим моделидаги асосий хусусиятларидан ҳисобланади.

Яна бир эътиборли жиҳати таълим жараёнини бошлаш билан талабаларни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ишга жойлаштириш имконияти ҳам кўзда тутилган.

— «Олмалиқ кон-металлургия комбинати фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот олишда энг янги технологияларни қўллаш, чуқур қайта ишлаш маҳсулотлари турларини кўпайтириш орқали ўз фаолиятининг мутлақо янги босқичига чиқмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан хомашёни қазиб олиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошираяпмиз. Ушбу ишлаб чиқариш замонавий ускуналар билан жиҳозланган, тўлиқ автоматлаштирилган ва жаҳон экологик стандартларига жавоб беради. Ишончимиз комилки, энг долзарб замонавий вазифаларни ҳал қилишга қаратилган олий ва қўшимча касб-ҳунар таълимининг янги дастурларини жорий этиш ҳисобига илғор муҳандислик мактабини ўқитишнинг таклиф этилаётган формати корхонанинг мавжуд кадрлар базасини такомиллаштириш имконини беради. Бизга рақамли технологияларнинг замонавий билимларига эга бўлган, ОКМК ва умуман саноат олдида турган мураккаб техник вазифалар ва ишлаб чиқаришнинг муаммоли масалаларини ҳал қила оладиган, инновацион фикрлайдиган, янги технологияларни ўрганадиган ва ишлаб чиқадиган мутахассислар керак. Илғор муҳандислик мактаби бизга айнан шундай кадрларни етиштириб беришига ишонамиз.» — дейди «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ бошқарув раиси Абдулла Хурсанов.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.