Сенат иссиқхона газларининг чиқарилишини тартибга солувчи қонунни маъқуллади

Сенат иссиқхона газларининг чиқарилишини тартибга солувчи қонунни маъқуллади

Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида «Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидланишича, бугунги кунга қадар, иссиқхона газлари чиқарилишини тартибга солувчи қонун ва норматив база яратилмагани сабабли республикада иссиқхона газларининг чиқарилишини камайтиришда иқтисодий, технологик ва экологик йўналишлар бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини чекланган эди.

Бунда, Ўзбекистонда хорижий компаниялар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижасида ҳосил бўлган қисқартирилган иссиқхона газлари сертификатлари хорижий давлатларга олиб чиқиб кетиш хавфи мавжуд бўлиб, натижада бошқа мамлакатларга олиб кетилган қисқартирилган иссиқхона газлари Ўзбекистоннинг иссиқхона газларини қисқартириш бўйича мажбуриятларини бажариш учун йўналтириб бўлмайдиган жараёнларни келтириб чиқарган.

Таклиф этилаётган «Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида»ги қонун республикада иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш ва бунинг оқибатида ҳосил бўладиган углерод бирликлари муомаласини амалга ошириш тартиб қоидаларини белгилаш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишини тизимли назоратини таъминлашга қаратилган. Қонун 6 боб, 29 та моддадан иборат.

Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ «иссиқхона газлари» тушунчасида сув буғлари ҳам иссиқхона газлари таркибига кириши назарда тутилгани, сув буғларининг иссиқхона газлари таркибига киритилиши келгусида амалиётда турлича қарашларни келтириб чиқариши, энг асосийси, табиий жараёнларда йирик сув ҳавзалари, шунингдек, сув омборлари ва бошқа сунъий сув ҳавзаларидан кўтарилаётган сув буғларининг иссиқхона газлари сифатида баҳоланишига олиб келиши мумкинлиги сабабли қонунда таъриф берилган «иссиқхона газлари» тушунчаси қайта кўриб чиқилиб, иссиқхона газлари — инфрақизил нурларни тутиб қолувчи ва қайта чиқарувчи, келиб чиқиши табиий ёки антропоген бўлган ҳамда Париж битимига мувофиқ назорат қилинадиган газсимон моддалар тушунилиши белгиланди.

Шунингдек, Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашнинг асосий принциплари белгиланди. Унга кўра, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш устуворлиги, давлатнинг халқаро мажбуриятларни бажариш зарурлиги, тартибга солинадиган ташкилотларнинг иссиқхона газларининг чиқарилиши тўғрисидаги ҳисоботларининг мажбурийлиги ва очиқлиги, иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни бажаришнинг мажбурийлиги, иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашга доир ёндашувларнинг илмий асосланганлиги, тизимлилиги ва тўлиқлиги асосий принциплар ҳисобланади.

Бундан ташқари қонунда:

  • қисқартирилган иссиқхона газларига эгалик муносабатлари аниқлаштирилмоқда;
  • иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари назарда тутилмоқда;
  • иссиқхона газларининг чиқарилишини давлат томонидан ҳисобини юритиш тартиби белгиланмоқда;
  • иссиқхона газларининг чиқарилишини қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда;
  • юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни «яшил» лойиҳалар жумласига киритиш мезонлари ва тартиби Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши кўзда тутилмоқда;
  • углерод бирликларининг реестри юритилиши белгиланмоқда;
  • углерод бирликларининг муомаласи «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш натижасида ҳосил бўлган углерод бирликларини реализация қилиш учун қулай иқтисодий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек бундай лойиҳаларни рўёбга чиқаришга доир фаолиятни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилиши назарда тутилмоқда;
  • иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклашга доир чоралар мониторинги, ҳисоботи ва верификацияси тизими кўзда тутилмоқда;
  • юридик шахсларнинг ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилмоқда.

Қайд этилишича, қонунни ишлаб чиқишда Европа (Швейцария ва Германия), Осиё (Япония ва Ж.Корея), МДҲ (Россия ва Қозоғистон) давлатларининг соҳадаги тажрибаси ўрганилиб, давлат ва инвесторлар учун ўзаро манфаатли бўлган шарт-шароитлар яратиш назарда тутилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, имзолаш учун президентга юборилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.