Расман: «Йил ўқитувчиси» танлови ғолиби 525 млн сўм мукофотга эга бўлади

Расман: "Йил ўқитувчиси" танлови ғолиби 525 млн сўм мукофотга эга бўлади

Ҳукумат томонидан келгуси йилдан бошлаб «Йил ўқитувчиси» ва «Касбий маҳорат етакчиси» танловларини ўтказиш тасдиқланди.

«Умумий ўрта таълим соҳаси ходимлари ўртасида »Йил ўқитувчиси« ва »Касбий маҳорат етакчиси« танловларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта қуйидаги танловлар ўтказилади:

- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог ходимлари ўртасида «Йил ўқитувчиси»;

- Педагогик маҳорат марказлари директорлари орасида «Касбий маҳорат етакчиси.»

“Йил ўқитувчиси” танловига номзодлар ўзлари дарс берадиган битта фандан, бошланғич синф ўқитувчилари эса бошланғич таълим йўналишида иштирок этади. Иштирокчилар вазирликнинг махсус платформаси орқали рўйхатдан ўтади.

Танлов уч босқичда ўтказилади:

биринчи босқичда — номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади;

иккинчи босқичда — номзодларнинг педагогик маҳорати баҳолаш мезонлари асосида ҳакамлар ҳайъати ҳамда педагоглар томонидан баҳоланади. Бунда номзод ўтган дарснинг видеоёзуви баҳолаш учун махсус платформага жойлаштирилади;

учинчи босқичда — номзодларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда китобхонлиги баҳоланади.

Танлов натижаларига кўра ғолиблар рўйхати ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида янгиланади. Ғолиблар вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириладиган QR-кодли сертификат билан тақдирланади.

Ғолибларга сертификат асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармасидан қайта тақсимланган қўшимча маблағлар ҳисобидан БҲМнинг 1 400 баравари (525 млн сўм) миқдорида пул мукофоти берилади.

«Касбий маҳорат етакчиси» танловида педагогик маҳорат марказлари директорларининг фаолияти тўртта йўналиш бўйича баҳоланади:

• минтақада таълим сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар;
• молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича эришилган натижалар;
• таълим жараёнини ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий этиш;
• Марказни тажрибали кадрлар билан таъминлаш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш.

Шунингдек, ғолиблар БҲМнинг 1 400 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Танловлар ҳақидаги батафсил маълумотлар ва янгиликлар вазирлик саҳифаларида эълон қилиб борилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.