«Бу ишлар „кампаниябозлик“ бўлмаслиги зарур». Президент — ҳокимларнинг ёшлар билан мулоқоти ҳақида

«Бу ишлар „кампаниябозлик“ бўлмаслиги зарур». Президент — ҳокимларнинг ёшлар билан мулоқоти ҳақида

Президент ёшлар билан учрашувда вилоят, туман ҳокимлари ҳар бир болага ўз фарзандидек қараб, соғлиги, ўқиши, юриш-туриши, қизиқиш ва орзулари, муаммоларидан доим хабардор бўлиши зарурлигини кўрсатиб ўтди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ёшлар билан доимий мулоқот платформасини йўлга қўйиб, мактаб, олийгоҳ, ўқув ва касб марказлари, тадбиркорларни бошини қовуштириб, ёшларга кўмаклашадиган тизим қилса, албатта, натижа бўлишини таъкидлади.

«Бу ишлар „кампаниябозлик“ бўлмаслиги, ўзгаришларни ҳар бир маҳалладаги ҳар бир ёш ҳар куни чуқур ҳис қилиши зарур. Ана шунда Янги Ўзбекистонда таълим олмаган, ишсиз, касб эгалламаган, бир сўз билан айтганда, уюшмаган ёшлар деган тушунчаларнинг ўзи қолмайди!» — деди у.

Қайд этилишича, республика бўйича 15 мингга яқин ўқув ва 7,5 мингта касбга тайёрлаш марказлари мавжуд. Сўнгги йилларда уларга 100 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган.

Президент ушбу марказларга мурожаат қилиб, ҳозирги кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасликка, кенгайишга, замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганаётган ёшларни кўпайтиришга чақирди, бунинг учун ҳар қандай шароит яратишга тайёрлигини билдирди.

Давлат раҳбари шу учрашувда янги сайланган маҳалла раисларига мурожаат қилди. «Маҳалладаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, соғлом муҳит кимга боғлиқ? Аввало, сизларга боғлиқ. Маҳаллада битта боланинг нотўғри йўлга кириши ҳам фавқулодда ҳолат бўлиши керак», — деди у.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.