Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳозир тоғ-кон, агросаноат, тўқимачилик, кимё, электротехника, қурилиш материаллари соҳасида 1 миллион ёшлар меҳнат қилмоқда. Энди саноат, сервис, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигида банд ёшларнинг касбий ривожланиши бўйича ҳам тизим яратилади.
Ҳар бир касб йўналиши бўйича айнан ёшлар ўртасида республика мусобақалари ўтказилади. Бунда давлат корхоналари ва хусусий сектор вакиллари тенгма-тенг иштирок этади.
Унинг қўшимча қилишича, тармоқ раҳбарлари ҳар йили ўз тизимидаги 100 нафар ёшни селекция қилиб, хорижий стажировкага юборишни йўлга қўяди.
Бунинг учун, ҳар бир тармоқ 10 миллиард сўмдан ажратади. Бу маблағлар солиқ солиш базасидан чегириб ташланади.
Президент ўқишга кира олмаган мактаб битирувчилари ҳамда техникум ва олийгоҳларни тугатаётган талабаларни банд этиш бўйича 2 та алоҳида дастурга алоҳида тўхталди. Шу мақсадда Алоқабанк ва Миллий банкка 300 миллион доллар ажратилди.
Улар «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида 100 минг ёшларни, «Келажакка қадам» орқали 140 минг олийгоҳ битирувчисини даромадли иш билан таъминлашга масъул бўлади.
Бундан ташқари, Бандлик вазирлиги Савдо-саноат палатаси Миллий банк билан бирга олийгоҳ, техникум, касбий таълим битирувчиларини иш берувчилар билан боғлайдиган платформани ишга туширади.
Шу билан бирга, Бандлик, Мактаб, Олий таълим вазирликлари «Ҳаракатда даромад» электрон тизимини яратиб, таътилдаги 3 миллион ёшларни малака талаб қилмайдиган ишлар билан банд қилади.
Ҳар йили юқори синф ўқувчиларини касб танлашга қизиқтириш ва кўмаклашиш мақсадида «Менинг касбим» республика танлови ўтказилади.
Банклар топ 300 талик олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити беради. Шунингдек, ҳар йили камида 300 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари Гарвард, Йель, Колумбия каби олийгоҳларига тайёрланади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.