Самарқанд вилояти ҳокимига тўрт нафар ўринбосар тайинланди

Самарқанд вилояти ҳокимига тўрт нафар ўринбосар тайинланди

Самарқанд вилоят ҳокимлигида 5 август куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокимлиги тузилмасида тайинловлар амалга оширилди, деб хабар берди ҳокимлик матбуот хизмати.

Хусусан, бир йил давомида Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими вазифасида фаолият кўрсатган Шербек Бўронов Самарқанд вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Шербек Буранов 1985 йилда Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган. Тошкент молия институтини тамомлаган.

2003 йилдан бошлаб банк тизимида турли лавозимларда фаолият олиб борган. Ҳоким бўлишидан аввал 2021 йилдан буён Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси, депутат бўлган.

Самарқанд вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасига Наврўз Раҳмонов тайинланди. Бунгача у вилоят ҳокими ўринбосари котибияти мудири эди.

Шу куни Ургут тумани ҳокими вазифасидан озод этилган Ботир Жабборов вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлади. Ушбу вазифада ишлаган Шунқор Худойбердиев эса Пайариқ туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Шунингдек, бугун вилоят ҳокимининг ўринбосари — вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ҳам ўзгарди. Ушбу лавозимга шу пайтгача Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган Хуршидбек Самиев тайинланди.

Аввал Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, кейинчалик Савдо-саноат палатаси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган Жамшид Ўроқов ҳокимнинг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасида иш бошлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.