Ўзбекистон президенти ХВЖ директорини қабул қилди

Ўзбекистон президенти ХВЖ директорини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Нью Йорк шаҳрида Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда ушбу глобал тузилма билан шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. ХВЖ раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларга юқори баҳо бериб, ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади, дейилади хабарда.

Жамғарма билан макроиқтисодий сиёсат, бюджет ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳаларида самарали ҳамкорлик қилинаётгани қайд этилди. Ўзбекистонлик мутахассислар ХВЖ марказларида мунтазам равишда малака ошириш дастурларидан ўтмоқда. Жорий йилда мамлакат молия соҳасининг барқарорлиги биргаликда баҳоланди ва «йўл харитаси» қабул қилинди.

Томонлар пул-кредит ва фискал сиёсатни ривожлантириш, статистика тизимини трансформация қилиш бўйича жамғарманинг экспертлик кўмагини давом эттириш, шунингдек, иқтисодий идоралар ходимлари учун ўқув дастурларини кенгайтириш юзасидан келишувларга эришди.

Шавкат Мирзиёев ва Кристалина Георгиева бундан икки йил аввал — 2023 йил сентябрь ойида ҳам Нью Йоркда учрашганди. Унда фонднинг молия соҳаси барқарорлигини комплекс таҳлил қилиш, иқтисодий сиёсатни такомиллаштиришга ҳисса қўшиш ва мутахассислар салоҳиятини ошириш дастурини амалга оширишдаги иштироки муҳокама қилинган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.