Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Мирзиёев ҳамкасбини таваллуд куни билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, қардош туркман халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Бундан ташқари, у Сердар Бердимуҳамедов ва Туркманистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни (27 сентябрь) билан табриклади.
Томонлар икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқди. Фаол сиёсий мулоқот ва самарали идоралараро алоқалар йўлга қўйилгани қайд этилди.
Товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат ва энергетикада кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. «Шовот-Тошовуз» савдо зонаси қурилиши якунланмоқда. Ўзбекистонда Ҳудудлар форуми, кўргазма, Туркманистон маданияти ва киноси кунларини ўтказиш режалаштирилган.
Минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.