«СИни тезроқ ривожлантириш учун илғор, ўзини оқлаган хорижий ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиб бориш зарур» — президент

«СИни тезроқ ривожлантириш учун илғор, ўзини оқлаган хорижий ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиб бориш зарур» — президент

Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни мамлакатда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш ҳамда уларни иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга кенг жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон сунъий интеллектни татбиқ этиш бўйича халқаро рейтингда 17 поғона юқорилаган. Ҳозирда Ўзбекистон 188 давлат ичида 70-ўринни, Марказий Осиё бўйича эса биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Тақдимотда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.

Унда маълум қилинишича, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этиш мақсадида 50 миллион доллар маблағ ажратилган. Соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология ва молия соҳаларини қамраб олган 86 та лойиҳа шакллантирилди. Ҳозирда сунъий интеллектни қўллаш учун зарур ҳисоблаш имкониятларини яратиш мақсадида «суперкомпьютер кластери»ни ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

«Сунъий интеллектни тезроқ ривожлантириш учун доимий равишда илғор, ўзини оқлаган хорижий ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиб бориш зарур. Бунинг учун соҳада самарали фаолият юритаётган ватандошларимиз, хорижий экспертлар ва хусусий сектор билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш керак», — деди давлат раҳбари.

Тақдимотда сунъий интеллект соҳасида замонавий ҳисоблаш қувватларини ўзимизда яратиш, маълумотлар марказларини қуриш ва бунга инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорлар учун жозибадор муҳитни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Сунъий интеллектни ривожлантиришда энг муҳим омил — малакали кадрлар тайёрлаш. Бу ишларни мактаблардан бошлаш, информатика ўқитувчиларини қайта тайёрлаш, янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Соҳада кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш мақсадида кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. «Бир миллион сунъий интеллект етакчилари» миллий дастури доирасида ёшлар учун aistudy.uz ва omp.aistudy.uz платформалари ишга туширилди, уларда СИ бўйича 5 та бепул онлайн ўқув дастури йўлга қўйилган. Дастур доирасида 2027 йилга қадар 1 миллион нафар ёш сунъий интеллект соҳасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлади.

Ёшларнинг истиқболли лойиҳаларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш учун барча ҳудудларда Сунъий интеллект хакатони йўлга қўйилади. Шу кунларда Нукус шаҳрида соғлиқни сақлаш бўйича «HealthTech AI Hackathon» мусобақаси муваффақиятли ўтказилди. Бу тажрибани кенгайтириб, таълим, суд тизими, сув хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларида ҳам ўтказиш муҳимлигини қайд этилди.

Президент тақдимот қилинган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб, уларни сунъий интеллектни жорий этишни янада жадаллаштириш, илғор тажрибани амалиётга татбиқ этиш, соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида янада такомиллаштириш ва кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.