Ҳукумат бош вазир Милойко Спаич раислигидаги 98-йиғилишида Арманистон, Ўзбекистон ва Миср фуқаролари учун вақтинчалик визасиз тартиб ўрнатиш тўғрисидаги аввалги қарорларга ўзгартиришлар киритди.
Черногория ҳукумати бу қарорни мамлакат виза сиёсатини ЕИ виза сиёсати билан мувофиқлаштириш ишлари билан изоҳлади. Бу 2024−2027 йилларга мўлжалланган Ислоҳот дастури доирасида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнининг 24-бобидаги якунловчи мезонлардан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.
«Шу муносабат билан, бугун қабул қилинган ўзгартиришлар юқоридаги мамлакатлар (Арманистон, Ўзбекистон ва Миср — таҳр.) фуқаролари учун амал қилиб келган вақтинчалик виза имтиёзлари тўғрисидаги қарорлар амал қилишини тўхтатди ва Черногориянинг Европа Иттифоқига тўлақонли аъзо бўлишга қатъий интилишига аниқ ишора бўлди», — дейилади хабарда.
Spot Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновга таяниб маълум қилишича, Черногория билан визасиз режим туристик мавсум даврида — 15 июндан 30 августгача амал қилади. Бу даврда ўзбекистонликлар мамлакатга туристик ваучер орқали ташриф буюриши мумкин. Қолган вақтларда эса Москвадаги Черногория элчихонаси орқали виза расмийлаштириш керак. Бироқ вазирлик Черногория томонидан ўзбекистонликлар учун вақтинчалик визасиз режим бекор қилингани ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрелида Тошкентда бўлиб ўтган Черногория ва Ўзбекистон туризм тадбиркорларининг очиқ мулоқотида июнь ойидан Ўзбекистон ва Черногория ўртасида доимий тўғридан-тўғри авиарейслар қатнови йўлга қўйилиши ҳамда эндиликда ўзбекистонликлар Черногория давлатига визасиз боришлари мумкинлиги эълон қилинган эди.
Ўзбекистон 2019 йилнинг февралида Черногория фуқаролари учун визасиз режим жорий қилган. Улар мамлакатда 30 кун давомида визасиз қолишлари мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Черногория ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2006 йил 19 декабрь куни ўрнатилган. 2024 йил ноябрида Ўзбекистоннинг Венгрия, Хорватия ва Словениядаги элчиси бўлган Ойбек Шахавдинов Черногориядаги биринчи элчи этиб тайинланган эди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.