Академия 2022 йилда Бош прокуратура академияси негизида ташкил этилган.
«Академия қисқа вақт ичида тор ихтисослашган таълим муассасасидан прокуратура ва тергов-суриштирув органлари учун кадрларни ягона ёндашув асосида тайёрлайдиган, таълимнинг узлуксиз тизимига эга бўлган, тўлақонли ихтисослаштирилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасасига айланди», — дейилади хабарда.

Академия ҳудудида янги беш қаватли маъмурий бино, ошхона, меҳмонхона ва талабалар учун коворкинг майдони қурилди, конференц-зал ва кутубхона тўлиқ таъмирланди.

Назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида криминалистика полигонлари, суд процесси имитацияси учун махсус заллар, Гезелл ойнаси билан жиҳозланган сўроқ ва таниб олиш хоналари, киберполигон, «даркнет» ва суд экспертизаси лабораторияларидан иборат жами 12 та махсус хона ташкил этилди.

Кибержиноятларга қарши курашишга йўналтирилган «киберпрокурор» ва «кибертерговчи»ларни тайёрлаш учун келгуси йилдан бошлаб «Киберҳуқуқ» бакалавриат йўналишини ташкил этиш режалаштирилган.
Магистратура «Тергов фаолияти», «Прокурорлик фаолияти», шунингдек, миллий таълим тизимида ягона бўлган «Коррупцияга қарши кураш фаолияти», «Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ» мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлайди. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб, «Киберхавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш» мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланади.

Сунъий интеллект технологияларига асосланган масофавий ва аралаш ўқитиш курслари жорий этилди. Улар реал ҳаётдаги тергов ишларида юзага келадиган муаммоли вазиятларни акс эттирувчи сунъий интеллектга асосланган виртуал ассистент ва рақамли симуляция видеоларидан фойдаланади.

Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш илмий-таълим маркази ташкил этилган. Мазкур йўналишда магистрларни тайёрлаш, шунингдек, илмий кенгаш фаолиятини илмий услубий жиҳатдан таъминлаш йўлга қўйилди.
Кибержиноятчилик ва бошқа глобал таҳдидларга қарши курашиш ҳамда бу борада малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ўтган йилда академия таркибида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Академиянинг лойиҳа офиси АҚШ, Япония, Германия, Жанубий Корея, Россия, Словения ва Швеция мутахассислари билан ҳамкорликда 15 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Академияда 10 та ихтисослик бўйича илмий даражаларини берувчи кенгаш мавжуд, «Коррупция муаммолари» ихтисослиги бўйича илмий кенгаш мамлакатда ягона ҳисобланади. Академиянинг илмий салоҳияти уч йил ичида 26 фоиздан 67 фоизга етказилди.
Президентимиз академиянинг суд процесси имитацияси учун махсус заллари, сўроқ ва таниб олиш ҳамда бошқа ихтисослаштирилган хоналари, ахборот-ресурс марказида яратилган шароитлар билан танишди, талабалар билан мулоқот қилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.