Ҳужжатда Валерий Тяннинг давлат органларидаги кўп йиллик самарали фаолияти, мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан фуқаролик авиациясини ривожлантиришдаги улкан хизматлари алоҳида қайд этилган. Шунингдек, у мамлакатда миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсатини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.
Валерий Тян (1946 йилда туғилган) 1998−2002 йилларда парвозлар хавфсизлиги бўйича давлат инспекциясини бошқарган. 2002 йил июндан 2017 йил августгача «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси бош директори лавозимида фаолият юритган. У Краснокутск учувчилар мактаби ва Ленинград фуқаролик авиацияси академиясини тамомлаган бўлиб, Ан 2, Ан 24, Ил 62, Ил 76, Ил 86, А 310 ҳамда Boeing 757/767 самолётларида командир сифатида парвоз қилган.
2010−2020 йилларда Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган. 2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган. Ҳозирда эса «Биродар шаҳарлар альянси» нодавлат нотижорат ташкилоти раиси маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.