Ички ишлар вазири ўринбосари Диёрбек Сатторовнинг таъкидлашича, дастлабки беш ойда Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқими 27 фоизга ошиб, 5,5 миллион кишига етган. 80 дан ортиқ давлат фуқаролари учун визасиз кириш тартиби амал қилмоқда, шунингдек, электрон визаларни расмийлаштириш механизми жорий этилган.
Унинг қўшимча қилишича, миграция соҳасида ҳали ҳал қилиниши керак бўлган масалалар сақланиб қолмоқда. «Aйрим меҳмонхоналар, сайёҳлик базалари, пансионатлар, кемпинглар, хостеллар, санаторийлар, давлат ва хусусий даволаш муассасаларининг мансабдор шахслари яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмасдан, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ўз жойлаштириш объектларида [E-mehmon тизими орқали] вақтинчалик рўйхатдан ўтказмасдан қабул қилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда», — деди Диёрбек Сатторов.
Унинг сўзларига кўра, бунинг оқибатида белгиланган рўйхатга олиш тартиби бузилиб, уларни ҳисобга олиш ҳамда амалдаги жойлашувини аниқлашда қатор ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.
«Белгиланган талабларга риоя қилмаслик бундай субъектларга солиқ тўлашдан бўйин товлаш имконини беради ва яширин иқтисодиётнинг ривожланишига хизмат қилади. Бу эса амалдаги жазо чораларининг етарлича самарали эмаслигидан далолат беради ҳамда бундай субъектлар учун алоҳида жавобгарлик меъёрларини жорий этишни талаб қилади», — деди вазир ўринбосари.
Тузатишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасини жойлаштириш объектлари ва даволаш муассасаларида ишлайдиган алоҳида тоифадаги мансабдор шахслар учун хорижий фуқароларни рўйхатга олиш тартибини бузганлик учун жазо белгиловчи норма билан тўлдириш, шунингдек, бир йил давомида такроран содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган.
Ички ишлар органларига бундай маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, мансабдор шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз шахсларнинг яшашига йўл қўйганлиги учун жавобгарлиги кучайтирилмоқда.
Қўшимча равишда, атамаларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш учун 24 та қонунга ўзгартишлар киритиш режалаштирилган. ИИВ вакилининг аниқлик киритишича, вақтинчалик яшаш гувоҳномасини олиш тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилингач, бир қатор қонунларга техник тузатишлар киритиш, шунингдек, «доимий яшаш жойи» ва «вақтинчалик яшаш жойи» тушунчаларини тегишлича «яшаш жойи» ва «турган жойи» тушунчаларига алмаштириб, уларнинг мувофиқлигини таъминлаш зарур.
2025 йил октябрь ойида «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисид»ги қонун кучга кирди. Ҳужжат билан «Е-xabar berish» тизими жорий этилди, у орқали доимий яшовчи хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш учун мурожаат қилганда уларни рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш назарда тутилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.