«Охирги йилларда фақат сувнинг ўзига 2 триллион 750 миллиард сўм фақат Қашқадарё учун маблағ бергансиз. Муҳтарам президент, 2017 йил январь ойида ҳисоботда 20−30 фоиз бўлган, лекин амалдаги ҳолатни олиб қарайдиган бўлсак, 10−11 фоиз атрофида ичимлик суви билан таъминот бўлган», — деди Муротжон Азимов.
Унинг сўзларига кўра, ичимлик суви таъминоти фақат Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғда мавжуд бўлган, Қарши шаҳрида эса сув соатма-соат берилган.
«Бошқа жойда қоғозда бўлиб кетган. Мана Осиё тараққиёт банки ҳисобидан ҳам 2002 йил, 2007 йил лойиҳалари қоғозда айланган, муҳтарам президент. Ҳеч бўлмаган, ишламаган ҳам, ҳозир йилига 28 миллиард [сўм] пул тўлаб ўтирибмиз унга, йўқ жойдан», — деди ҳоким.
Муротжон Азимовнинг давом этишича, бугунги кунда вилоятда ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 11 фоиздан 61,8 фоизга етган.
«776 та маҳалладан 408 таси тўлиқ, 213 таси қисман таъминланди. Ҳозир 155 та маҳалламизда машиналар билан муқобил манбалардан сувлар олиб бориб таъминланяпти. Мана шу беш йилда берган маблағингиз ҳисобига охирги 412 километр ички тармоқ таъмирланди», — деди ҳоким.
Унинг айтишича, Қамаши туманида сув тармоқлари билан таъминланганлик даражаси 53 фоизга етган. Худди шундай кўрсаткич Кўкдала туманида ҳам қайд этилган.
Ҳокимнинг маълум қилишича, 85 та маҳаллада 165 та артезиан қудуғи қурилган. Фермерлар кенгаши жамғармаси маблағлари ҳисобидан 134 та, Бандлик вазирлиги жамғармаси ҳисобидан яна 16 та қудуқ қазилган. Маҳаллий бюджетдан 1,5 млрд сўм ажратилган ва 50 та қудуқ аллақачон «Ақлли қудуқ» тизими билан жиҳозланган. Сув қазиб олиш ҳажми ва ҳар бир қудуқнинг электр энергияси сарфини назорат қилиш учун келгусида мазкур тизимга яна 450 та қудуқни улаш режалаштирилган.
«Ҳар йили 8 минг, 9 минг, 10 мингта квартира топширяпмиз. Албатта, бу сувга бўлган, одамлар кўчиб келяпти Қаршига ҳам. Урбанизация жараёни тезлашиб кетди. Албатта, бу сувга бориб тақаляпти, муҳтарам президент. Минг раҳмат, бирга ишлаймиз Суванкулов билан („Ўзсувтаъминот“ раҳбари Аҳмад Суванкулов — таҳр.). Муҳтарам президент, учта катта лойиҳа амалга ошяпти: Косон, Муборак, Шаҳрисабз билан Китобнинг канализацияси, Қарши. Бу ҳаммасини одамларимиз сезяпти, кутяпти, ўзининг ҳаётида акс этади», — деди Қашқадарё ҳокими.
У, шунингдек, иқлим масаласига ҳам алоҳида тўхталди.
«50 градус бўлди бугун Қарши. Бўлмаса ҳокимиятга ҳам одам тўлиб кетарди, бошқага ҳам. Худога шукур, биронта одам ҳам электрдан ҳам шикоят қилиб келгани йўқ ёки сув бер ҳам дегани йўқ. Бу ҳаммаси мана шу охирги йилларда берган пулларингиз, ички тармоқларнинг тортилганлиги эвазига одамларнинг уйигача сув етиб борганлигини кўрсатиб турибди, муҳтарам президент», — деди Муротжон Азимов.
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳам ҳудудда амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб, улар юқори ҳароратни енгил ўтказиш имконини берганини таъкидлади.
«Қашқадарё вилояти ҳокими айтганидек, бизда ҳам 50 градусдан ошди ҳаво. Мана, ўзингиз яратиб берган тизим бўйича, ҳурматли президент, олдиндан кўра билиб, мана шу электр энергияда ҳам, ичимлик сувида ҳам — ҳеч бирисида умуман муаммо бўлмасдан, мана бугундан ҳаво энди салқин бўлди, бемалол ўтиб олдик», — деди Жўрабек Раҳимов.
Унинг қўшимча қилишича, агар етти-саккиз йил аввал бу ишлар бошланмаганида, «бир ҳафта иссиқда аҳволимиз нима бўлишини ўзимиз ичимиздан билиб, сезиб турибмиз».
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.