Шавкат Мирзиёев АҚШ делегацияси билан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев АҚШ делегацияси билан Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирни қабул қилди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашув аввалида вакил Шавкат Мирзиёевга АҚШ президенти Дональд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди, дейилади хабарда.

Учрашувда Ўзбекистон — АҚШ стратегик шериклик муносабатларини, аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани қайд этилди.

Яқинда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Америка бизнеси вакиллари билан ўтказилган давра суҳбатининг амалий натижалари муҳокама қилинди.

«Мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида ҳамкорлик қилиш ва ушбу жараёнлар келгусида ҳам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишига алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.

Янги лойиҳавий ташаббусларни аниқлаш ва илгари суриш учун 2026 йил апрелида ишга туширилган Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши механизмидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

2024 йил декабрида Ўзбекистон ва АҚШ мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани ҳақидаги протоколни имзолаган эди. Музокаралар 14 ой давом этган.

Май ойида президент иштирокидаги йиғилишда Ўзбекистоннинг 2026 йилда ЖСТга аъзо бўлиш нияти сақланиб қолаётгани айтилганди. Жорий йил бошидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистон ташкилотнинг 34 аъзосидан 33 таси билан музокараларни якунлаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.