Маълум қилинишича, “Қарши – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Cobalt” русумли автомобил йўл-патруль хизмати масканида тўхтатиб текширилган. Автомобилда йўловчи сифатида кетаётган Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшовчи 1966 йилда туғилган фуқарога тегишли қўл сумкаси кўздан кечирилганда, ундан умумий оғирлиги 5 килограмм 32 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланган. Модда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Яна бир ҳолат Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қайд этилди. У ерда 1974 йилда туғилган шахс ўз хонадон томорқасида 33 туп “каннабис” ўсимлигини парваришлаётгани фош этилди. Шунингдек, унинг яшаш манзилидан 7 килограмм 79 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси ҳам мусодара қилинган.
Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса “Андижон – Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган “Lacetti” автомобили тўхтатилиб текширилди. Автомобилдаги икки нафар йўловчига тегишли қоплар ичида 1200 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланди.
Тезкор тадбирнинг давомида мазкур автомобил ортидан ҳаракатланаётган “Spark” русумли машина ҳайдовчиси ҳам қўлга олинди. Кейинчалик ушбу ноқонуний фаолиятга алоқадор бўлган яна икки нафар шахс ушланиб, улардан жами 345 дона “Тропикамид” ва 15 дона “Регапен” дори воситалари олинди.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур шахслар кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб кириб, уларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълум қилишича, барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Мутахассислар гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи препаратларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш аҳоли саломатлиги ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидламоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.