Ёшларни давлат хизматига қабул қилишда янги тартиблар жорий этилади

Ёшларни давлат хизматига қабул қилишда янги тартиблар жорий этилади

Ўзбекистонда ёшларни давлат хизматига қабул қилиш жараёнларини янада шаффоф ва адолатли ташкил этиш мақсадида ягона ёндашув асосида янги тартиблар жорий этилмоқда. Тегишли қарорга мувофиқ, янги қоидалар 2026 йил 1 июлдан кучга киради.

Янги тартибга кўра, давлат органларида ўтказиладиган танловларнинг суҳбат босқичида бериладиган саволлар ва топшириқлар камида бир ой олдин расмий веб-сайтларда эълон қилиниши шарт бўлади. Бир ой олдин жамоатчиликка маълум қилинмаган саволларни номзодларга бериш тақиқланади.

Шунингдек, давлат хизматидаги айрим лавозимлар учун ички танловлар ўтказилмайди. Бундан ташқари, танловларда иштирок этувчи номзодларга умумий ёки махсус меҳнат стажи бўйича талаблар қўйилмайдиган лавозимлар рўйхати тасдиқланади. Айрим лавозимлар учун эса иш стажи бўйича талаб энг кўпи билан икки йил этиб белгиланади.

Қарорда меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда замонавий ва юқори талабга эга касблар реестрини шакллантириш ҳам назарда тутилган. Ушбу реестрга киритилган касблар бўйича таҳсил олган ёшларнинг касбий кўникмаларини баҳолаш учун миллий сертификациялаш тизими жорий этилади.

Шу билан бирга, миллий сертификат олиш жараёнида айрим тоифадаги ёшларга молиявий кўмак кўрсатилади. Хусусан, Ижтимоий реестрга киритилган давлат таъминотидаги ҳамда камбағал оилалар фарзандларининг ўқиш ва имтиҳон харажатлари “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига киритилган оилалар фарзандларининг сертификатлаш имтиҳонларини топшириш харажатлари ҳам молиялаштирилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.