Интернетда Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими Саифиддин Низомов мактаб ўқитувчилари ўқувчиларга нисбатан қаттиққўл бўлиши, керак бўлса уларни калтаклаши мумкинлигини айтган аудиоёзув тарқалди.
«Биз компьютерларни тўғрилаймиз… Китоблар етишмайдими? Етишадми? Билим берадиган ўқитувчилар талабчан бўлиши керак. Топшириқ қани, конспект қани, деб сўрашлари керак. Ўқитувчида нутқ, билим, талаб бўлиши керак. Уй вазифасини бажармаганлиги учун ўқувчига ҳамманинг олдида танбеҳ бериш керак. Ўшандагина ўзгаришлар бўлади», — деди ҳоким.
«Юртимиздаги кўпгина олийгоҳларда хатирчилик талабаларнинг борлиги бизни хурсанд қилади, — дея таъкидлади ҳокимлик. — Бундай пешқадамликни қўлдан бермаслик учун туман ҳокими ва тегишли масъулларҳар ҳар куни таълим муассасаларига ташриф буюришни анъанага айлантирган».
«Яқинда туман ҳокими ва тегишли масъуллар, тумандаги таълим сифати паст бўлган мактаб раҳбарлари билан ўзаро суҳбат жараёнида ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни билим олишга қизиқтириш, тўгаракларга жалб қилиш, лозим бўлса, қатъий тартиб-интизом билан ёш авлодга таълим-тарбия бериш бўйича тавсиялар берилган», — дея қайд этди ҳокимлик матбуот хизмати.
Ҳокимлик «ижтимоий тармоқларда бу ҳолат бошқача талқин қилинган», деб ҳисоблайди.
«Бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таълим муассасалари билан ҳамкорликда тегишли ишлар амалга оширилади», — дея маълум қилди ҳокимлик. Бироқ қайси ҳолатларнинг олди олинаётганига аниқлик киритилмаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.