Қайд этилишича, яқин икки-уч йил ичида қуёш ва шамол электр станциялари, электр транспорт воситалари учун қувватлаш ускуналари ҳамда замонавий энергетика инфратузилмаси соҳаларида минглаб малакали мутахассисларга эҳтиёж юзага келади.
Йиғилишда таълим жараёнининг амалиёт билан етарлича уйғунлашмагани битирувчиларнинг меҳнат бозорига мослашувини секинлаштираётгани таъкидланди.
«Очиғи, таълим амалиёт билан боғланмагани учун битирувчининг ишга киришиб кетишига 2–3 йил кетяпти», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан мутасаддиларга бир ой муддатда олий таълим муассасаларидаги ёқилғи-энергетика йўналишлари бўйича ўқув дастурларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва замонавий талаблар асосида янгилаш топширилди.
Шунингдек, 1 сентябрга қадар олийгоҳлардаги лабораториялар ва ўқув полигонларини янги таълим стандартлари ҳамда соҳа эҳтиёжларига мослаштириш ишларини бошлаш вазифаси белгиланди.
Мазкур чоралар энергетика соҳаси учун амалий кўникмаларга эга, замонавий технологиялар билан ишлашга тайёр мутахассисларни тайёрлаш самарадорлигини оширишга қаратилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.