Бу ҳақда Reutersҳамда Швейцариянинг swissinfo.ch нашри Keystone-SDA агентлиги ва суднинг 27 июлдаги қарорининг резолютив қисмига таяниб хабар қилди.
Швейцария прокуратураси Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовани пора олиш ва тергов томонидан «Офис» деб аталган жиноий ташкилотга раҳбарлик қилишда айблаган. Айбловга кўра, хорижий телекоммуникация компаниялари Ўзбекистонда бизнес юритишга кўмак эвазига ушбу тузилмага пул ўтказиб турган.
Шундан сўнг маблағлар шаффоф бўлмаган молиявий операциялар орқали «Офис»нинг бир нечта банкдаги, жумладан, Lombard Odier’нинг Женевадаги бўлимидаги ҳисобварақларига ўтказилган.
Банкнинг иш материалларида C. бош ҳарфи билан кўрсатилган собиқ мижозлар менежери ушбу ҳисобварақларни бошқарган. Суд уни оғирлаштирувчи ҳолатларда пул ювиш жиноятида айбдор деб топди. SWI swissinfo.ch қайд этишича, ходим эҳтимолий коррупция аломатларидан хабардор бўлган, бироқ фақат юзаки текширувлар билан чекланган ва маблағларнинг келиб чиқиши ҳамда мақсадини аниқламаган.
Даъво муддати туфайли бекор қилинмаган айбловлар унга нисбатан 120 миллион доллардан ортиқ маблағнинг келиб тушиши ва 20 миллион доллардан ортиқ маблағнинг ҳисобдан чиқарилиши билан боғлиқ бўлган.
Lombard Odier банкининг ўзи ҳам ташкилий қоидабузарликларда айбдор деб топилди. Суд баҳосига кўра, банк ўз ходими томонидан пул ювилишига йўл қўймаслик учун барча оқилона ва зарур чораларни кўрмаган. Масъул бўлинмалар ҳам коррупция аломатларидан хабардор бўлган, аммо тегишли текширувлар ўтказилишини таъминламаган.
Жазо тайинлашда суд 2011−2012 йилларда содир этилган қоидабузарликлардан буён узоқ вақт ўтганини инобатга олди. 2011 йил 27 июлгача содир этилган жиноий ҳолатлар бўйича иш даъво муддати ўтгани сабабли тугатилди.
Суд, шунингдек, пул ювиш натижасида олинган ёки «Офис» назорати остида бўлган 400 миллион швейцария франкидан ортиқ активларни мусодара қилишга қарор қилди.
Каримова ва бошқа айбланувчиларга нисбатан жиноят ишини юритиш харажатлари тахминан 2,3 миллион швейцария франкини ташкил этди. Шундан 500 минг франкни Каримова қоплаши керак бўлади — ушбу маблағ хатланган активлар ҳисобидан ушлаб қолинади. Худди шу тартибда унинг адвокатлари хизматлари учун сарфланган қарийб 1,1 миллион швейцария франки миқдоридаги харажатларни ҳам қоплаш режалаштирилган.
SWI swissinfo.ch маълумотларига кўра, Каримова жазони 2028 йил декабрига қадар ўтамоқда, Швейцарияда унга қўйилган айбловлар бўйича даъво муддати эса ундан олдин тугайди. Шу сабабли унинг суд жараёнида иштирок этмагани бўйин товлаш сифатида баҳоланмаган, суд эса айбловларнинг мазмунини кўриб чиқмаган ва унинг айбдорлиги бўйича қарор чиқармаган.
Lombard Odier суд қароридан шикоят қилмоқчилигин билдирди. Банк кўриб чиқилаётган воқеалар содир бўлган даврда ишончли ички назорат тизимлари ва пул ювишга қарши курашиш тартиб-таомилларига эга бўлганини таъкидлади. Шунингдек, банк 2012 йилда шубҳали операциялар ҳақида айнан ўзи Швейцариянинг пул ювиш ҳолатлари бўйича хабарларни қабул қилувчи бюросига маълум қилганини эслатди.
Ҳукм устидан Федерал жиноят судининг Апелляция палатасига шикоят қилиш мумкин.
Гулнора Каримова 2015 йилда беш йиллик озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган, кейин эса 2019 йилда колонияга ўтказилган. 2020 йил март ойида у яна 13 йил 4 ой муддатга «давлат маблағларини талон-торож қилиш, Ўзбекистон манфаатларига зид равишда битимлар тузиш, шунингдек, товламачилик йўли билан жуда катта миқдорда ўзганинг мулкини эгаллаш» ҳолатлари бўйича судланган.
Каримова ва у раҳбарлик қилган жиноий гуруҳга тегишли Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа давлатлардаги активларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланади. Ўзбекистон ушбу маблағларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда.
2025 йил июнь ойида БМТнинг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Гулнора Каримованинг озодликдан маҳрум этилишини халқаро ҳуқуқ бузилиши деб топди ва Ўзбекистон ҳукуматидан унга товон пули тўлашни таъминлашни талаб қилди. Ҳукумат эса унга нисбатан жиноят ишлари қонунчилик нормаларига мувофиқ кўриб чиқилганини маълум қилди.
2022 йил август ойида Ўзбекистон ва Швейцария Каримова билан боғлиқ Швейцариядаги жиноят иши доирасида якуний мусодара қилинган қарийб 131 миллион долларлик активларни қайтариш бўйича биринчи келишувни имзолади. Ушбу маблағлар БМТнинг траст жамғармаси орқали Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари учун ишлатилиши керак.
2025 йил февраль ойида томонлар қарийб 182 миллион долларлик активларни қайтариш кўзда тутилган яна бир келишувни имзолади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.