Мусулмонларнинг Рамазон Ҳайити байрами арафасида Ўзбекистон делегацияси Чеченистонда бўлиб, республика раҳбари Рамзан Қодировга президент Шавкат Мирзиёевнинг табриклари ва эсдалик совғаси — «Пои Калон ансамбли»нинг 3D шаклидаги суратини тақдим этди. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари 24 апрель куни ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Пои Калон — Бухородаги меъморий ансамбль бўлиб, Калон минораси, Калон масжиди ва Мир Араб мадрасасидан иборат.
«Бу ерда дунёнинг кўзга кўринган мусулмон олимлари, жумладан, Ахмат-Хожи Қодиров ҳам таълим олган. Менинг қадрли отам Бухорода ўқиб юрган даврларини доимо яхши сўзлар билан эслаб, самимий ва меҳрибон аҳоли ҳақида гапириб берарди. Бу ерларда ўтган ёшлик даврларига нисбатан нозик туйғулар ҳис этарди. Бу чинакам гўзал ва бетакрор жой бўлиб, у ҳақли равишда «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саккиз мўжизаси»дан бири мақомини олган», — дея қайд этди Рамзан Қодиров.
«Шубҳасиз, Шавкат Миромонович ўз юрти, халқи учун кўп ишлар қилмоқда, дўстона муносабатлар ўрнатмоқда, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон фуқаролари шундай олийжаноб президенти борлиги учун ҳам омадли, Шавкат Миромонович эса шундай ажойиб халқнинг бошида туриш бахтига муяссар бўлган», — деди Чеченистон раҳбари.
«Мен [совғага] қараяпман ва уни қўйишга жой қидираяпман. Президент лол қолдиришни билади», — деб ёзади Рамзан Қодиров.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.