Ҳужжатга кўра, 2030 йилгача мўлжалланган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси устувор вазифаларидан келиб чиқиб, тоғ-кон, металлургия, кимё саноати, нефть-газ ва электр энергетикаси корхоналарида ҳосил бўладиган радиоактив ҳамда I–IV хавфлилик синфига мансуб кимёвий хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 20 фоизга етказилади.
Шунингдек, қайта ишлаб бўлмайдиган хавфли чиқиндиларни хавфсиз ва минимал ҳажмда жойлаштириш механизмларини тўлиқ жорий этиш белгиланди. Махсус объектларда сақланаётган чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда уларнинг ҳосил бўлиш манбалари, ҳажми, таркиби ва жойлаштириш ҳудудлари бўйича таснифланган давлат ҳисобини юритиш устувор йўналишлардан бири бўлади.
2027 йил 1 январдан бошлаб хавфли чиқиндилар ҳосил қилувчи ташкилотлар экологик экспертиза хулосаси асосида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда йиллик режалар ишлаб чиқади.
Унда чиқиндилар ҳосил бўлиш ҳажмини камайтириш, қайта ишлаш улушини ошириш ҳамда чиқиндиларни фақат тегишли ваколат, инфратузилма ва ижобий экологик экспертиза хулосасига эга ихтисослашган ташкилотларга зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмиш учун топшириш мажбурияти белгиланади.
Ташкилотларнинг ўзида тегишли ваколат ва инфратузилма мавжуд бўлса, ушбу ишларни қонунчиликка мувофиқ мустақил амалга оширишга ҳам рухсат берилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб мазкур ташкилотлар статистика ҳисоботларини шакллантириб боради. Ҳисоботлар ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 20-санасига қадар Агентликнинг ахборот тизимига киритилиши шарт.
Белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши устидан назорат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси — Экополиц̧ия томонидан амалга оширилади.
Мамлакатда хавфли ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни самарали ташкил этиш мақсадида институционал ўзгаришлар ҳам амалга оширилади. Жумладан, Агентлик ҳузурида давлат муассасаси шаклида Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирекцияси ташкил этилади.
Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ҳузуридаги Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ўз вазифа, ҳуқуқ ва мажбуриятларини сақлаб қолган ҳолда Агентлик тизимига ўтказилади.
Уран мероси объектларини экологик қайта тиклаш ва уларда барқарор радиоэкологик ҳолатни таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси махсус ваколатли орган — регулятор, Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги эса оператор этиб белгиланади.
Фойдаланишдан чиқарилган барча махсус объектлар, жумладан, чиқиндилар сақланадиган майдон ва иншоотлар уларни экологик қайта тиклаш учун зарур маблағлар билан биргаликда Агентлик тасарруфига бепул асосда ўтказилади.
Бунда Агентликнинг алоҳида бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағи юритилади. Дирекциянинг хўжалик фаолиятидан тушадиган соф даромаднинг 50 фоизи ҳамда махсус объектларни топшираётган ташкилотларнинг рекультивация маблағлари ушбу ҳисобвараққа йўналтирилади.
Маблағлар объектларни қайта тиклаш ва уларни узоқ муддатли мониторинг қилиш ишларига сарфланади. Шунингдек, Агентлик тасарруфидаги собиқ уран конлари ва хавфли саноат чиқиндиларини сақлаш объектлари жойлашган ер участкаларини солиқ солинмайдиган ерлар тоифасига киритиш кўзда тутилган.
Қарорда рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси 2027 йил 1 январга қадар махсус ахборот тизимини ишлаб чиқади.
Тизим Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали вазирлик ва идораларнинг платформаларига уланади. Унда хавфли чиқиндиларнинг рақамли паспорти яратилади.
I–III хавфлилик синфига мансуб чиқиндиларнинг ҳар бир тоннасини ҳосил бўлган объектидан тортиб утилизация қилингунига қадар реал вақт режимида кузатиб бориш имконияти яратилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.