СМТИ эксперти: парламентлар ролининг кучайиши минтақавий ҳамкорликнинг ижтимоий йўналишини мустаҳкамлайди

СМТИ эксперти: парламентлар ролининг кучайиши минтақавий ҳамкорликнинг ижтимоий йўналишини мустаҳкамлайди

18 август куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази ҳамда Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти ҳамкорлигида «Самарали ва кучли ижтимоий сиёсатни шакллантиришда парламентларнинг роли» мавзусида конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, БМТ ҳамда илмий-таҳлилий доиралар вакиллари иштирок этди.

Конференцияда СМТИ етакчи илмий ходими Шаҳло Ҳамрахўжаева маъруза қилиб, Марказий Осиёда кечаётган минтақавий яқинлашув жараёнларида қонун чиқарувчи органларнинг ўрнига тўхталди.

СМТИ вакили қонун чиқарувчи органларни минтақавий жипслашув жараёнларига фаол жалб этишнинг учта устувор йўналишини белгилаб берди.

Биринчидан, халқ дипломатиясини ривожлантиришда парламентларнинг вакиллик имкониятларидан янада кенг фойдаланиш таклиф этилди. Депутатлар ва маҳаллий вакиллик органлари аҳоли билан бевосита ишлайди, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни яхши билади ҳамда чегараолди ҳудудларида юзага келаётган масалаларни ўз вақтида аниқлаш имкониятига эга.

Чегараолди ҳудудлари депутатлари ва маҳаллий вакиллик органлари ўртасида савдо, транспорт, сувдан фойдаланиш, бандлик ҳамда ижтимоий инфратузилма масалалари бўйича мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Бундай ҳамкорлик маҳаллий даражадаги муаммоларни дастлабки босқичда бартараф этиш ва уларнинг кейинчалик мураккаб давлатлараро масалаларга айланишининг олдини олишга хизмат қилади.

Иккинчидан, эришилган минтақавий келишувларнинг ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Эксперт қайд этганидек, сўнгги йилларда давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасида кўплаб қарорлар қабул қилинди. Энди уларнинг аниқ амалий натижаларга олиб келишини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.

Парламент қўмиталари тегишли вазирлик ва идоралар ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориши, битимлар ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдаги эҳтимолий кечикишлар сабабларини таҳлил қилиши ва уларнинг фуқаролар ҳамда бизнес учун амалий самарасини баҳолаши мумкин.

Учинчидан, минтақавий ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашда парламентларнинг алоҳида ўрни таъкидланди. Транспорт йўлакларини ривожлантириш, чегараолди савдосини кенгайтириш, меҳнат мобиллиги ва рақамли маълумотлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, шунингдек, сув-энергетика ва экология соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш барқарор ва ўзаро мувофиқлаштирилган норматив-ҳуқуқий базани талаб қилади.

Эришилган келишувларни қонунчиликда мустаҳкамлаш уларнинг изчиллигини таъминлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни жорий сиёсий конъюнктурадаги ўзгаришларга камроқ боғлиқ қилиш имконини беради.

Шу билан бирга, СМТИ вакили таъкидлаганидек, Марказий Осиёда парламентлараро ҳамкорликнинг зарур механизмлари аллақачон шаклланган. Минтақа давлатларининг парламентлараро форумлари ўтказилмоқда, икки томонлама дўстлик гуруҳлари, парламент комиссиялари ва бошқа мулоқот майдонлари фаолият юритмоқда.

Шу боис бугунги кунда асосий эътибор янги тузилмаларни ташкил этишга эмас, балки мавжуд институционал имкониятлардан янада тўлиқ фойдаланиш ва уларни амалий мазмун билан бойитишга қаратилиши лозим.

Бунда минтақавий келишувларни парламентлар томонидан қўллаб-қувватлаш, қонунчилик ва маъмурий тўсиқларни аниқлаш, тажриба алмашиш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳоли ҳаётига таъсирини баҳолаш муҳим ўрин тутади.

Эксперт фикрича, бундай ёндашув Ўзбекистоннинг яна бир муҳим халқаро ташаббуси — БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2022 йилда қабул қилинган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш» резолюциясининг амалий давоми бўлар эди.

«Парламент дипломатиясининг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш минтақавий ҳамкорликнинг ижтимоий йўналишини кучайтирган бўлар эди», — деди эксперт.

Қайд этилганидек, парламент жамият манфаатларини ифода этувчи институт сифатида давлат сиёсатини шакллантиришда турли ижтимоий гуруҳлар манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаши лозим.

СМТИ вакили фикрича, парламентларнинг минтақавий кун тартибидаги ролини кучайтириш яқинлашув жараёнларини аҳолининг реал эҳтиёжларига янада йўналтириш имконини беради.

Хусусан, депутатлик корпусининг фаолроқ иштироки савдо, транспорт, сув ресурслари, энергетика ва чегараолди ҳамкорлиги соҳаларидаги йирик келишувларни уларнинг аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсири нуқтаи назаридан баҳолаш имконини беради.

«Пировардида, минтақавий ҳамкорлик самарадорлиги унинг натижалари фуқаролар ҳаётида қай даражада сезилаётгани билан ўлчаниши керак: янги иш ўринлари яратиляптими, чегараларни кесиб ўтиш енгиллашяптими, бозорлар, таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайяптими, чегараолди ҳудудлар инфратузилмаси яхшиланяптими», — дея таъкидлади эксперт.

Сўз якунида парламентларнинг вакиллик, қонунчилик ва назорат имкониятларидан янада тўлиқ фойдаланиш ўзаро ишончни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, яхши қўшничилик жараёнларига барқарор ва ортга қайтмас тус бериш ҳамда Марказий Осиёнинг яхши қўшничилик минтақасидан биргаликда ривожланиш минтақасига ўтишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.