Таклиф этилаётган чегара ўзгартиришларига мувофиқ, Гулистон туманидан 527,23 гектар ва Боёвут туманидан 582 гектар ер майдонини Гулистон шаҳри таркибига ҳамда Боёвут туманидан 638,77 гектар ерни Ширин шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Таъкидланишича, Гулистон ва Ширин шаҳарлари вилоятдаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади.
«Чегараларнинг кенгайиши шаҳарда аҳоли зичлигини камайтиришга, транспорт қатновини яхшилашга, ҳудудда йирик лойиҳалар учун замин яратиб, хорижий ва маҳаллий инвестициялар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади», — дейилади хабарда.
«Шунингдек, ҳудудда янги саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этишга, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида ўн минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли даромадларини оширишга қаратилган чора-тадбирларни белгилашга шароит яратади».
Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари ҳамда вилоят кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.

«Боёвут туманидаги „Янги авлод“ ва „Қарапчи“ маҳаллалари Гулистон шаҳрига туташ ҳудудлар, Боёвут тумани марказидан қарийб 50 километр узоқликда жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Шунингдек, Гулистон туманидаги бу „Ишонч“ ҳамда „Мевазор“ маҳаллаларимиз ҳам худди шундай Гулистон шаҳри билан туташ ҳудудлар, туман марказидан 30 километрдан олисроқ ҳудудда жойлашган ҳудуд. Боёвут туманидаги „Ширин“ маҳалласи эса Ширин шаҳри билан туташ ҳудуд, Ширин шаҳри ҳудудидан ўтиб, „Ширин“ маҳалласига борадиган ҳудуд бўлгани учун асосий масала қилиб аҳолига қулайликлар яратиш белгилаб олинган», — деди Кушаков.
Унинг сўзларига кўра, Гулистон ва Ширин шаҳарларида аҳоли зичлиги юқорилигини ҳисобга олганда, ҳудудларни кенгайтириш янги турар жой массивлари, ижтимоий объектлар ва инфратузилмани режали тарзда жойлаштириш имконини беради. Шаҳарларнинг кенгайиши натижасида саноат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш имкониятлари ҳам ортади.
«Ерлардан фойдаланишда уларнинг белгиланган мақсади, қонунчилик талабларига риоя қилинади. Янги ўтказиладиган 1748 гектар ер майдонларидан ҳеч қайси бирининг тоифаси ўзгармайди. Қишлоқ хўжалиги ерларини асраш, экологик мувозанатни сақлаш масаласи асосий эътиборга олинган, шунинг учун тоифалар ўз ҳолича қолдирилади», — деди Кушаков.
Маълумот учун, яқинда Самарқанд шаҳрига қўшни туманлардан 17,2 минг гектар ҳудуд қўшиб берилиши, шундан сўнг шаҳар аҳолиси 880 минг кишига яқинлашиши ҳақида ёзгандик. Самарқанд тумани тугатилиб, унинг қолган ҳудудининг катта қисми Тойлоқ туманига ўтказилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.