Тақдирланганлар орасида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий хизматларни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишда юқори натижаларга эришган тадбиркорлар бор.
Шунингдек, бир қатор тадбиркорларга «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони топширилди. Ушбу мукофот миллий иқтисодиётни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва тадбиркорлик соҳасида янги анъаналарни шакллантиришда илғор намуна кўрсатаётганларга берилади.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларни Тадбиркорлар куни билан табриклади. Давлат раҳбари уларнинг мамлакат иқтисодий тараққиётига қўшаётган ҳиссасини таъкидлади.
Президентнинг қайд этишича, тадбиркорлар яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ташаббускорлиги, билими ва тажрибаси орқали иқтисодиётнинг турли тармоқларида салмоқли натижаларга эришмоқда. Улар янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда. Шунингдек, замонавий хизмат турларини ривожлантириб, аҳоли учун янги даромад манбаларини яратмоқда.
Бу йил мукофотга муносиб кўрилганларни танлашда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, инвестиция жалб қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонликни юксалтириш ҳамда жамоат ҳаётида фаол иштирок этиш борасида аниқ натижаларга эришган тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилди.
Президент мукофотларни уларнинг эгаларига шахсан топширди. Тадбиркорлар доимий қўллаб-қувватлаш ва меҳнатларига берилган юксак баҳо учун миннатдорлик билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.