«Изланиш ва ҳаракатдан ҳеч қачон тўхтаманг». Президент Билимлар куни билан табриклади

«Изланиш ва ҳаракатдан ҳеч қачон тўхтаманг». Президент Билимлар куни билан табриклади

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат мактаб ўқувчилари, шунингдек, уларнинг ота-оналари, ўқитувчи ва мураббийларини Билимлар куни билан табриклади. Мактабларда ўқув йили 2 сентябрдан бошланмоқда.

Бу йил 800 мингга яқин ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўяди. Давлат раҳбари уларни «бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиз» деб атади.

У янги ўқув йили мактаблар, лицейлар, техникумлар ва олий ўқув юртларини ўз ичига олган мамлакат бутун таълим тизимида «маърифий юксалиш йили» бўлишини тилади.

Президент ёшларни — «Учинчи Ренессанс ниҳоллари»ни — «гуркираб ўсадиган азим дарахт, ёруғ истиқбол устунлари этиб тарбиялаш муқаддас вазифа» эканини айтди.

Шавкат Мирзиёев ҳукумат «бундай улуғ мақсадларга етишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратишини» таъкидлади.

«Мактаб бағридан катта ҳаётга йўлланма оладиган фарзандларимиз пухта билим билан бирга, албатта камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаб чиқиши учун барча шароитларни яратамиз. Бунинг учун ҳудудларда «Касблар шаҳарчалари»ни яратиб, замонавий тажриба ҳамда илғор мутахассисларни жалб этамиз», — деди у.

«Азиз, фарзандларим, сизларга бахтли ва саодатли ҳаёт эшикларини очадиган калит ҳам, умр йўлларингизда пайдо бўладиган мураккаб саволларнинг ечими, синов ва машаққатларни енгиб ўтишнинг кафолати ҳам фақат билим, билим ва билимдир», — дея таъкидлади мамлакат раҳбари.

«Гўзал ёшликнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, янги илм, ғоя ва инновацияларни, касб ва ҳунарларни, она тилимиз, бой тарихимиз ва маданиятимиз асосларини пухта эгалланг. Жаҳон тарихи ва хорижий тилларни ҳам астойдил ўрганинг. Изланиш ва ҳаракатдан ҳеч қачон тўхтаманг. Аждодларимиздан мерос бўлган табаррук заминимизни бутун қалбингиз, юрагингиз билан севинг, халқимиз ва Ватанимизга чексиз садоқат туйғулари билан яшанг!», — дея тилади у.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.