«Долзарб 40 кунлик»: байрам арафасида кунига 30-40 минг тонна чиқинди олиб чиқилмоқда

«Долзарб 40 кунлик»: байрам арафасида кунига 30-40 минг тонна чиқинди олиб чиқилмоқда

Ўзбекистонда Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштириш ишлари кучайтирилди. 28 июлдан 6 сентябрга қадар «Долзарб 40 кунлик» тозалик тадбирлари ўтказилмоқда.

Тадбирлар доирасида ҳар куни ўртача 4,5 минг дона махсус техника ва 10 мингдан ортиқ ходим жалб этилмоқда. Натижада кунига 30–40 минг тонна қаттиқ маиший чиқинди олиб чиқилмоқда.

40 кун давомида жами 1,4 миллион тонна маиший ҳамда 2 минг тонна қурилиш чиқиндиси олиб чиқилиб, белгиланган тартибда утилизация қилинди.

Тозалик тадбирлари аҳоли пунктларининг санитария ҳолатини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишга қаратилган.

Ишларни мувофиқлаштириш учун Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳудудий тузилмаларида махсус штаблар ташкил этилган. Ҳудудларга масъул ходимлар бириктирилиб, тун-у кун навбатчилик ва кунлик мониторинг йўлга қўйилган.

Республикадаги 8 150 та маҳалланинг 7 674 таси акция тадбирлари билан тўлиқ қамраб олинган.

Махсус техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида аниқланган 64 та носозликнинг 52 таси тезкор бартараф этилган. Яна 12 та техника алмаштирилган, фавқулодда ҳолатлар учун 155 дона техника захирада сақланмоқда.

Чиқиндилар билан боғлиқ қонунбузарликлар бўйича ҳам назорат кучайтирилган. Шу кунга қадар 97 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, уларга нисбатан жами 165,4 миллион сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган.

Мустақиллик байрами арафасида бозорлар, савдо мажмуалари, боғлар ва дам олиш масканларида санитария тозалиги кучайтирилган. Уларда санитария тозалаш ва ободонлаштириш хизматларининг тун-у кун навбатчилиги ташкил этилган.

Янги ўқув йили олдидан мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида таъмирлаш ишларидан ҳосил бўлаётган чиқиндилар ҳам олиб чиқилмоқда.

Дарахт ва буталарни санитария мақсадида кесиш натижасида ҳосил бўлган шох-шаббалар ҳамда ёғоч қолдиқлари компостлаш ва органик ўғит ишлаб чиқаришга йўналтирилмоқда.

Фуқаролар мурожаатлари бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Келиб тушган 327 та мурожаатнинг 275 таси жойида ҳал этилган, 52 таси эса ўрганилмоқда.

«Долзарб 40 кунлик» доирасидаги тадбирлар тасдиқланган режа асосида давом эттирилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.